O’zbektosh Sayxun

Ўзбектош Қиличбекнинг ёзганлари ҳақида кўп ва хўп гапларни айтиш мумкин. Киноқиссаларининг энг муҳим фазилати — тил, услуб, ифоданинг ўзига хослигидир, чиндан- да, бошқаларникига ўхшамайди, эргашиш тақлидчилик сезилмайди, йўқ — бу энг катта ютуқ. Демак, унга ишонса, ундан кутса бўлади.

Ўзбектош Қиличбекнинг характер ярата олиш қобилияти кучли. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги азалий зиддиятларнинг эзгулик фойдасига ҳал бўлиши, яъни адабиётнинг тарбиявий аҳамиятини, умуминсоний, аҳлоқ, бурч масъулиятини ҳис этиши яққол сезилади. Кичик воқеалардан катта хулосалар чиқариш, мавзу, материалларнинг ҳам янгироғини топишга интилиши ҳам диққатга лойиқ.


Kinoqissa «Qochoq kuyov»

отрывок

— Бугун туғилган куним эканлиги ҳеч кимнинг эсида йўқ.— деди Шоира аразлаган ўқувчи қизлардай нозланиб. Кўзлари қуралай, қалин-қуюқ соч-қошлари қора, қўғирчоқ киприкли бу қизнинг ўзбекона ўралган пушти ипак рўмоли унинг ҳуснига ҳусн қўшган, юзини четга ўгиришидан, гапириш оҳангидан хафа бўлаётгани шундоққина сезилиб турарди. Бир-икки қадам юргач, у секин қўшиб қўйди.— Тегишли одамингдан кутган совғангни ололмасанг, алам қиларкан.

— Ростдан-ми? Бугун туғилган кунингизми?!— Ўзимни гўлликка солиб гап отаман.— Зап вақтида туғилган экансиз-да… пешонаси шўрларнинг туғилган кунида пахта тергани одам туғилмаган чўл жойларга келиб турибмиз-а?!

— Лоақал тилининг учидаям табрикламади-я!— Шоиранинг кўнглидаги араз учқунлари сўнмаганди.— Қуруққина қилиб, табриклайман дейиш қийин экан-да!

Бу кесатиқлар Каминабекка қаратилган бўлса ҳам у сира парво қилмайди.

— Намунча бесабр бўлмаса, бу ўзбек қизлари! Ҳали туғилишингизга беш соат бор-ку!— Чап билагимдаги электрон соатчамга қараган бўлсам ҳам унда акс этган рақамларни кўрмагандим.— Она қорнидаёқ ингалайсизлар-а!

— Ана, қуёш ботяпти.— У қонланган уфқ тарафга қўл силкийди.— Энди эсига тушадими, йўқми?!

— Қаердан биласиз, кутган кишингиз сизга Қуёшни эмас, Ойни совға қилмоқчидир!— Мен унинг кўнглини кўтармоқчи бўламан. Кейин ўзимнинг гапим ўзимга ёқиб қолади.— Севганингиз ой чиқишини пойлаб, уни узиб олиш учун нарвоннинг устида тайёрланаётгандир.

— Сиз буни қаердан биласиз?! А?!— Шоира сарғиш матодан тўқилган, юмолоқланган теримчилар этаги билан елкамга оҳиста уради.— Балки сиз уни тўхтатиб тургандирсиз?!

— Қайдам… Балки ўша кутганингиз ўзимдирман. Ўз гапимдан қулоғимгача қизариб Шоирага тўймай тикиламан. Бу ҳаракатимни шўх-хандон қиз Шоира мукофотсиз қолдирмайди: бу гал у этаги билан ростакамига туширади. Гапим Шоиранинг энг яқин дугонаси, унинг тирсаги остидан тутган алламбало ёзув битилган соябонли қалпоқ кийган Анжелинахонга ҳам ёқади: у ҳам ёйилиб кулади. Ўнг ёнимда кетаётган Ортиққа зимдан қарайман. У қизларни худди ўзи лол қолдирган суворийдай мағрурланиб, “тасаввуридаги отида” кетиб боради: “Ҳа, гапиролмай қолдингиз-ку, хоним! Биз йигитлар ана шундайлардан!”

Биз тутқатор бўйлаб янги чорбоғдан бошланиб ботқоқ зовурга туташган, нариги ёғи шолизор, бу тарафи пахтазор эски шийпонга, бизнинг тилимизда: барак-бардакка яқинлашиб келардик.

Ортда ҳам, олдда ҳам талабаларнинг тўртталик, бешталик гуруҳи бўлиб, атроф қий-чув, шодон ҳайқириқларга тўлганди. Аниқ эсимда, ўн учинчи сентябрь, пахта йиғим-теримига ашарга келганимизнинг биринчи куни эди. Кўп йиллик қадрдоним Ортиқ мушти билан “Коллежистон” давлатида ном қозонган бўлса ҳам Каминабекка тиши ўтмасди: менга келганда унинг тиши қамашиб қолганди. Бирининг мушти қаттиқ, иккинчисининг “калласи катта” икки йигитнинг бирлашуви “енгилмас дўстликнинг” типик кўринишини ҳосил қилганди. Кунора ўтказишга мўлжалланган дискотеканинг биринчи кунида ҳам кўпчилик бу дўстликнинг ғалабасига гувоҳ бўлишди.

Тун ярмидан оққан, қизлар хона-хонасига кириб кетган, қони қайноқ эллик-олтмиш чоғли йигитлар “қирқ кечаю қирқ кундузлик тўйнинг” биринчи кечасида сершовқин эстрада қўшиғини қайта-қайта қўйдириб рақс тушарди. Кайфи тароқ учта хомсемиз нотаниш йигит спортчи устозимиз Ойбек аканинг (У кишини спорт кийимисиз тасаввур қилолмайман) ҳай-ҳайлашига парво қилмай, даврамизга бостириб келди-ю авжи ўйин бузилди. Улар даврамизни кесиб ўтиш асносида қўлларини бошқаролмай, кимларнидир туртиб юборганди. Ўша кимлардир ичида менга ўхшаган феъли тез кимсанинг бўлмагани яхшийди: уларнинг хатоси жанжалсиз тугаши мумкин эди. Биринчи бўлиб даврамизга кирган олакўзнинг қўли елкамга тегар-тегмас жағидан мушт еб ерга йиқилди. Буни аввалдан билгандай Олакўзнинг шериклари менга, Ортиқ эса уларга қарши ташланди. Ойбек акамиз эса муштлашув оловига сув сепиш учун тирсагимдан ушлаб четга тортди. Оёқ-қўлим орқали чиқиб кетмаган жаҳлим тилим учидан тўкиларди: уларнинг она-энасини уруғ-аймоғига қўшиб сўкаман.

Даврамиз бир деганда денгиздаги балиқчалар тўдасига айланган, Ортиқнинг мушти йўналиши бўйича дам чапга, дам ортга бориб келар, муштумзўр дўстим ажратмоқчи бўлиб ўртага тушган коллеждошларини ҳам аяб ўтирмасди. Унинг касали шунақа эди, ноҳақлик бўлган жойда ўзини йўқотиб қўяр, тугилган темир муштлари ёйилмай қоларди. Яхшиям-ки, Ойбек ака бор, зўриқиб бақирганидан сўнг даврани икки ёққа — келгинди калтакхўрлар ва калтаклаган раққосларга ажратди. “Ўчиб қолган” бир шеригини суяб ташқарига олиб чиқаётган чақирилмаган меҳмонлар ортидан яна хезланаётган Ортиқ ва унинг елкадоши “шоколадхўр ўзбек” нинг (лақабимни бировга айтгим келмайди) кўксидан итариб тўхтатаётган Ойбек аканинг кўзларида ҳам хавотир бор эди.

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (76 оценок, среднее: 2,42 из 5)
Загрузка...