Muruvvat G’offorjonova

Живу в городе Фергана, в солнечном Узбекистане. Имею среднее специальное образование. Люблю классическую литературу, читаю Руми, Навои, Фаридиддин Аттар, Бедил. Стала победительницей в различных республиканских конкурсах: «Культурные девочки — 2013» («Orasta qizlar — 2013»), «Будущее страны — 2015» («Yurt kelajagi — 2015») по номинации «Литературное произведение» по направлению «Поэзия», а также являюсь победительницей республиканской олимпиады по предмету родного языка и литературы (2012).
В 2016 году была опубликована моя книга «Светлые зари» («Nurafshon tonglar»). Мои стихи публикуются в республиканских СМИ, а также за рубежом. В этом году мои стихи опубликованы на испанском литературном журнале «Azahar» на испанском языке. Также, мои стихи были размещены на международный альманах «Creative parallels» (совместный проект Канады и Великобритании.)

 

Отрывок из произведения Подборка стихов «Светлые зари»

****

 

Сизни излаб яшаганман бу дунёда,

Сўнгагимдан най қилардим, сизни излаб.

Йиғлаб-йиғлаб сарсон кезиб Карбалода,

Товоним лой, сирқирарди, сизни излаб…

 

Ҳовучимда балқиб турган дуойимни,

Йўлладим-ку, гоҳи ҳазин нидойимни,

Худойимнинг ижодисиз! Худойимнинг…

Дардни пайдар-пай билардим, сизни излаб.

 

Ишонмайман, излаганим, топганимга,

Шукр айтиб, кўзим очиб-ёпганимда,

Қадим қалблар эшикларин қоққанимда,

Кўз ёшимни сой қилардим, сизни излаб.

 

Бир қуш эдим, аҳддан қайтмас, ўжар эдим,

Қанотимга тоғ-у тошлар кўчар эди,

Тоғ-у тошни кўтариб ҳам учар эдим…

Синовига шай турардим, сизни излаб.

 

На заминда, на замонда сўнмагай ишқ,

Ломаконда, ё маконда сўнмагай ишқ,

Фақатгина — ўлмагай ишқ! Ўлмагай ишқ…

Бир илоҳий байт тилардим, сизни излаб…

 

Менга ширин азоб экан, сизни топмоқ,

Сизни топмоқ йўли асли — ўзни топмоқ,

Бахт экан-да, дунёдан тинч кўзни ёпмоқ,

Мен ўзимдан айрилардим, сизни излаб.

 

Жон фидодир, сизга жон-у жаҳон нисор!

Оламларга ўзни отиб, куйладим зор,

Бормисиз-эй! Бормисиз-эй…дунёда, ёр?!.

Кўк тоқига ёй илардим, сизни излаб.

 

Сизга тилаб Расулимиз камолини,

Илинаман, Ҳабибимнинг жамолини…

Яқинлашиб қолганда чин висол они-

Жаннатлардан ҳайқирардим, сизни излаб!..

 

Жаннатлардан ҳайқираман, сизни излаб…

 

*****

 

Ишқ дарди ғариб танимда жон бўлғай,

Дард чекса киши ахийри инсон бўлғай.

 

Нажмиддин Кубро

 

Бир гадо келмишдир кўнглингиз сўраб,

Не чўлларда тунаб, йўлларда тунаб,

Олийҳиммат жаноб, серҳиммат жаноб…

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Айбга буюрмайсиз, қадди дутони,

Юрак-бағри куйиб битган адони.

Қуруқ қайтармаслар ахир гадони,

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Кўзимни севганга кўзимни ўйдим,

Исмидан исмсиз туйғуни туйдим.

Художон, ўзинг айт, мен кимни суйдим?!

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Мол-у давлатингиз керакмас менга,

Улуғ савлатингиз керакмас менга,

Ўзга ҳимматингиз керакмас менга,

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Яшашга қўймаган ҳисларим учун,

Яшашга тўймаган ҳисларим учун,

Ярим руҳим озод, ярмиси тутқун,

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Кулбаларнинг қаддин тиклаб югурдим,

Телбаларинг бахтин тилаб югурдим.

Қачон сизга ошиқ бўлиб улгурдим?..

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Тонгнинг лабларига жим инмоқ учун,

Тоза азобларда тўлғонмоқ учун,

Ўлмасимдан олдин уйғонмоқ учун!

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

Сизга жоним садқа! Эй мунгли навом…

Остонангиз — жаннат, пойингиз — тавоб.

ИНСОНга айланай, бу улуғ савоб!..

Худо йўлида ишқ садақа қилинг…

 

*****

 

Тиззаларим қонатиб

Қилдим сужуд, сенмисан?

Дунё — сўз уволчиси,

Буюк сукут, сенмисан?

Қайга борсам бошимда

Ҳамроҳ булут, сенмисан?

Сенга берган ваъдамни

Унутдим-а, Худойим.

Унутсам ҳам қайтишим

Жим кутдинг-а, Худойим.

 

Кўк — кўкламми, кўксига

Бодраб чиқар юлдузлар?

Уни десам, кўзимдан —

Потраб чиқар юлдузлар.

Саволларим жавобсиз,

Мудраб чиқар юлдузлар,

Ўзинг айт, қисматимга

Ўгаймидим, Худойим?

У бўлмаса мен мавжуд

Бўлгаймидим, Худойим?

 

Сенга элтар йўлларга,

Йўл бошлаб юраверсам,

Телбалар елкасига

Қўл ташлаб юраверсам,

Қаландар бўлиб, ишқинг

Олқишлаб юраверсам,

Жонимни сенга қурбон

Берарканман, Худойим,

Лекин уни сендан кўп

Севарканман, Худойим…

 

Осмон ва ер қоришса —

Сур чалади Исрофил.

Кимга инсон номи хайф,

Кимларгадир исроф дил.

Дунёда яшаяпман —

Яшагандай мусофир,

Мусофирга сув тутган

Қиёқлар-да, Худойим,

Юзим боссам, исминг гул,

Гиёҳларда, Худойим.

 

Ўрмонга учқун тушса —

Йўқ қилади ўрмонни.

Хирмонга учқун тушса —

Йўқ қилади хирмонни.

Қандай учқун юбординг —

Қайга элтай бу жонни?!

Оламни ўзга кўздан

Кўраяпман, Худойим,

Сендан Айюбнинг сабрин

Сўраяпман, Худойим.

 

Ўзингмасми кўнглимга

Най чалишни ўргатган?

Сано айтиб, руҳимга

Чайқалишни ўргатган?

Гўзал кечирим, гўзал

Бой беришни ўргатган

Сендан қочиб, иймоним

Ютавердим, Худойим.

Сен-чи, кўпроқ ишқдан сув

Тутавердинг, Худойим.

 

Ахир сенинг сувратинг,

Сувратида кўрганман.

Ахир сенинг сийратинг

Сийратида кўрганман.

Пойин ўпиб, исмини

Зикр қилиб юрганман.

Демакки уни севдим —

Сени севдим, Худойим.

Қулингман-ку, шаккок деб

Билма девдим, Худойим.

 

Уни эшитган, кўрган

Кўзи яхшилик бўлсин!

Англагани, билгани

Изи яхшилик бўлсин!

Жони соғ бўлсин, Худо,

Ўзи яхшилик бўлсин!

Бошидан илоҳий нур

Сочиб тургин, Худойим.

Қулим деб, меҳринг билан

Қучиб тургин, Худойим.

 

Қонимдан лоқайдликни

Сидиришим  шарт энди,

Зоҳирим шавқ, ботиним

Қандай улуғ дард энди…

Манзилнинг сўнгигача

Бора олган мард энди…

Истиғфор айтдик, ўзинг

Мағфират қил, Худойим.

Йўлимизни илоҳий

Маърифат қил, Худойим.

 

Меҳрибоним, ёлғизим,

Оҳу-додим, ўзингсан!

Ўн саккиз минг оламсан,

Коинотим, ўзингсан!

Раҳим, Карим, Ё Роббим

Эътиқодим, ўзингсан!

Қулингни қўлларини

Қайирмагин, Худойим!

Икки дунё бизларни

Айирмагин, Худойим!

 

1941 йил

 

Пойингга тиз чўкиб, севгилим,

Мен ҳам дил роз айтаман, дедим.

Жанг майдони чорлади сени,

Ваъда бердинг, “Қайтаман!”- дединг…

 

Сени кутар қирғинбарот жанг,

Мен қандай жим ўлтираман-а?

Кетар чоғинг дедим чимрилиб:

“Агар ўлсанг, ўлдираман-а!”

 

“Пойингга тиз чўкай, севгилим…”

Битдим кун-у тунлар ора хат.

Менга омон бўлсанг бас эди,

Келмаса бас эди қорахат…

 

“Пойингга тиз чўкай, севгилим…”

Қолаяпсан нечун кечикиб?

Кутиб олдим ўн саккизимни,

Сенсиз жуда-жуда ичикиб…

 

Қайтдинг…

Фақат оёқларинг йўқ…

Мени енгди, қайғулар енгди.

Жилмайганча дединг: “Пойингда

Бир умр тиз чўкаман энди..!”

 

Қалампир

 

Қалампиржон, юрагим — санчиққина, қалампир,

Ҳақиқатга ўхшаган аччиққина қалампир.

 

Тутаб кетар қулоғим, ютаб кетар томоғим,

Мени ташлаб кетмагин, кўк ўтлоғим, ўртоғим.

 

Санамларнинг қошига ўхшар эдингми, айтгил?

Дўппиларга зеб бериб, жўшар эдингми, айтгил?

 

Ипга тизиб қўйсалар, ҳайрон бўлиб боқасан,

Менинг аччиқ ёшимдай алвон бўлиб оқасан.

 

Дардим тинглаб ўзингни йўниб кетмасанг дейман,

Юрагимга ботирсам, ёниб кетмасанг дейман…

 

Қалампиржон, қалампир, менга икки олам бир,

Менинг учун шеър — меҳроб, менинг учун қалам — пир!

 

Нозикбилак қўрқоқлар ширчой ичса аламдир,

Бобомерос фазилат — мардлар ейди қалампир.

 

Мен йиғламай қўйганман, сўз берганман ўзимга,

Қалампирни азиз деб суртаман-да кўзимга…

 

***

 

Бундай бетаъмани ким ҳам кўрибди?!

Унга на раҳмат…

На ҳақ тўлашади.

Хизматин қилар У ҳар бир ғарибнинг,

Ҳар битта ташнага сув улашади.

 

Уники. Шу чексиз тиканзор даштлар,

У бир буюк дарднинг шавқи кўйида.

Қадамидан гуллаб юборар тошлар,

Тоғлар уваланиб кетар пойида…

 

Йиғлаб-йиғлаб саҳро, довонлар ошар

Ранглари синиққан, эгни униққан…

У ҳаммага фақат ёрдамга шошар!

Кўзлари чашмадек тиниққан…

 

Саҳрони севаман…Агарда Унинг

Кўз ёшлари томган янтоғи бўлсам.

Қандай улуғ толеъ бўларди тўнин,

Увада кўйлагин, ямоғи бўлсам.

 

Асов тулпорларнинг уюри аро —

Руҳим талпинади!.. Тўхтаб бўлмайди.

Мен уни танимай ўлмасдим. Аммо —

Уни таниганлар асло ўлмайди…

 

 

Томчининг қисмати

 

Мен томчиман. Илдизларга жим ўрмалаб,

Ёронгулнинг поясида кетаяпман.

Асл ишқнинг доясига кетаяпман.

Бу уммонлар забт этилган, мен саҳрога —

Оҳуларнинг соясига кетаяпман!

 

Оҳ, шеъргинам! Мажнунгинам! Йўқ қиёси,

Қиёси йўқ бу дардларни уқиб кетсам,

Демадим-ку, жилға бўлиб оқиб кетсам?

Бир жизғанак куйдирсайди ишқ қуёши,

Сўнг буғланиб осмонларга чиқиб кетсам…

 

Қовоғини уйган шамол қошларида,

Томчижонлар барин жамлаб, йиғаман сўнг,

Етти фалак кафтларига сиғаман, сўнг.

Водийларнинг, гул боғларнинг бошларида —

Оғир булут янглиғ, шир-шир ёғаман сўнг…

 

О, дарахтлар! Тўкиламан оҳингизга,

Гоҳ юмалоқ, гоҳ думалоқ, айланаман,

Мунглиғ муножотингиздан айланай ман.

Сизга асло кўз тегмасин шохингизга,

Йилт-йилт биллур кўзмунчоққа айланаман!

 

Камалаклар! Ошиқларнинг кўприклари…

Бахт — охирда шу тупроққа суринаман.

Томчи-томчи сингмоқ учун уринаман.

Майсалар бу — шаҳидларнинг киприклари…

Йиғлашганда ҳар саҳар бир кўринаман…

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (42 оценок, среднее: 2,40 из 5)

Загрузка...