Учусь в университете, занимаюсь спортом. С юного возраста обычно пишу стихи, но и с прозой немного знакома. Мои стихи и рассказы были опубликованы в разных республиканских СМИ. Я люблю путешествовать в одиночестве. Это заставляет меня мечтать.
Отрывок из произведения «Айрилиқ фасли»
Халқона
Ой юмалоқ тангами?
Кўнгил тортар — сангами?
Йиғлаб-йиғлаб бош эгдим —
Шунча ситам мангами?
Хатим — оқ каптар бўлди,
Сўзи оқ патлар бўлди,
Дардим ёзсам оқ вароқ —
Қип-қизил дафтар бўлди…
Кетар бўлдинг индамай,
Зорларимни тингламай,
Ай, юраксиз маҳбубим,
Армонларим бир талай…
Унутиб кетмасайдинг,
Совутиб кетмасайдинг,
Келаман, деб, кўнгилни —
Овутиб кетмасайдинг…
Тонгда ёйдим кокилим,
Қирқ занжир — ўрим-ўрим,
Ўримларим ечилмай,
Бир келсанг-чи, севгилим?
Ой қўйнида тиллақош,
Шуъласи тушган қуёш,
Йиллардан сўраб, кутдим —
Бир келмадинг, бағритош!
Ой — юмалоқ тангадир,
Кўнгил тортар қайгадир…
Соғинчларим сангадир,
Шунча ситам мангадир…
Ҳукм
Кўзларимни йўлингга
Қадаб қўйиб, соғиндим,
Юраккинам пойандоз —
Тўшаб қўйиб, соғиндим,
Соғинчингда минг йилни
Яшаб қўйиб, соғиндим,
Эй, дийдори армоним,
Бир келмайсанми энди?..
Тиниб-тиниб кетдилар
Йиллар тортган суронлар,
Сира яхши бўлмади —
Кўнглимдаги ёмонлар,
Бир сўзимни пойлайдир
Бўз йигит-у ёронлар,
Эй, тахти Сулаймоним,
Бир келмайсанми энди?..
Қадоқларга эл бўлди —
Тошлар ботиб, товоним,
Соғиниб, бемор бўлди —
Бу жони заъфароним,
Дийдорингни бир кўрсам,
қолмас эди армоним —
Эй, ишқ аро достоним,
Бир келмайсанми энди?
Сўниб қолган оташлар
Нигоҳимни тарк этди,
Сенинг, сенинг хаёлинг —
Ҳолим хазон барг этди!
Наҳот, наҳот Худойим,
тақдиримни зарб этди —
Қўлим етмас осмоним,
Бир келмайсанми энди?!
Ҳеч келмайсанми энди?…
Айрилиқдан сўнг
Кўм-кўк кўкларимга булут туташди,
Зулматлар эврилди ойдин оламга,
Куним тун, баҳорим кузга адашди,
Қайдан мусибатлар етди байрамга?
Ширин тушларимдан уйғондим бехос —
О, ўша масъудлик қайдадир, қайда?!
Ва, шунда англадим, ухламай минг боз —
Ўша ёруғ тушни кўрмайман қайта!..
Вақт битта нуқтада осилиб қолган —
Билмайди на ўтар, на қоларини.
Жавоб топилмади бирор саволга,
Тушунмадим тақдир савдоларини…
Кўнглимни ўпқондай ютиб бормоқда —
Минг йиллар қаърига чўкиб кетган ҳис.
Энди ўз умрим ҳам мендан узоқда,
Мен — севиб, севилиб…
Унутилган қиз!
О, алам — бахт раво кўрмаса тақдир,
Ўз қалбинг ўзингга дуч келган ғаним!
Наҳот, ёлғон бўлса, эртак бўлса бир —
Сенинг юрагингга кириб борганим?!
Халқона — 2
Хай-хай ўлан, жон ўлан,
Келин келди, ёр-ёр,
Мусаффо осмонда ой
Тўлин келди, ёр-ёр,
Бахти кулган келинчак,
Билмайсан, бахтинг бешак —
Кўнглим ҳаққига келган,
Дегим келди, ёр-ёр…
Дарёларни ёқалаб
сув келармиш, ёр-ёр,
Суюк банда пок ишққа
дуч келармиш, ёр-ёр,
Менинг ишқим чин эди,
Бир ёринг учун эди…
Бевафо ўлим етмай —
Айрилармиш, ёр-ёр…
Сурувда той кишнайди —
От бўлдим, деб, ёр-ёр,
Сен йиғлама, отамга
ёт бўлдим, деб, ёр-ёр,
Юрагимга қўнган ишқ —
Тақдиримдан тонган ишқ!
Мен йиғласам арзийди —
Мот бўлдим, деб, ёр-ёр…
Хай-хай ўлан, жон ўлан,
Ўланчи қиз, ёр-ёр,
Сенга мерос — бағриқон
Шу етим ҳис, ёр-ёр,
Бахт тилайман, дегандим,
Йиғламайман, дегандим —
Мен — ваъдада турмаган
Ёлғончи қиз, ёр-ёр…
Хай-хай ўлан, жон ўлан…
Қоралама
Фироқ етди.
Йиғламам,
Мужгоним қораядир,
Лавҳул-Маҳфузда битган
Жаҳоним қораядир,
Йўлдошимнинг кўнглига
Рангсиз ўйлар келмасин —
Сурма ранги мавж уриб,
Уммоним қораядир.
Вужудимнинг кўйлаги
Оппоқ экан, кўряпман,
Вафо қилмай, тарк этмоқ —
қийноқ экан, кўряпман,
Ер қаттиқ, осмон эса
йироқ экан, кўряпман,
Ҳукмим ўзга қўлида,
армоним қораядир…
Оҳиста йўл ташлайман,
Дарди-дунёим гирён,
Сен — ёрим эмас, энди
тўйга келган бир меҳмон…
Бир ахтариб келмади —
онанг тутган дастурхон,
Ўйласам, булут қоплаб,
Осмоним қораядир…
Кечир, кўнглим толиқди
Армондан орзу ясаб,
Қара, бугун беряпман —
Ўзгага вафоқасам,
Энди сенинг исмингни
қалбимдан ўчирмасам —
Бахт рангида бошланган
Достоним қораядир…
Армон
Узоқ кутдим, йўлимни
Тўсмоқ учун келишинг,
Одам Атоим бўлиб
Ҳаётимга киришинг…
Ҳар кун қараб ўтардинг —
Битта одим етарди!..
Қиз боланинг оҳига
Бу дунда ким етарди?!
Бошимда оқ паранжи —
Ёт кўча супураман.
Қўлинг узатсанг энди —
Тушларингга кираман…
Қайтим
«Кўзларингни соғиндим,
Шу дамда бир кўрсайдим…»
Ғўр қиз эдим,
меҳрингсиз —
Милён ёшга улғайдим…
Танимайман ўзимда
Сени севган қизчани,
Мени ташлаб кетган у —
Хотирангни қизғаниб…
Мен курашга ўргандим —
Аччиқ сабоқлар билан,
Юраксиз яшаб қолдим —
Ақлга тўзим тилаб!
Ва шундан сўнг «у қиз»ни
Излаяпман тун-у кун:
Менда қолган соғинчинг
Қайтариб бермоқ учун…
«Ўтган кунлар» *
Олисдан йиғининг овози келар:
Чўчиб уйғонаман, ким экан у қиз?
Юзларин кўрсатмай, бағрини тиғлар,
Ажаб, йиғилари овозсиз-унсиз!
Елкасин силкийди қандайин ташвиш?
Тўсиқ юзларида дарёлар акси.
Адо қилдимикин кўнгилсиз турмуш,
Қандай оғриқ боис йиғлайди ўксиб?!
Ёки фарзанд доғи… Кўрсатма, Раббим —
Жонсиз ҳайкал бўлиб яшамоқ ҳаддин!
Аммо… нима учун?.. не менинг айбим —
Менинг тушларимга уни ташладинг?!
Хўроз қичқиради…
Ғовур бошланар —
Тадорик кўрилар гўзал бир бахтга.
Мени ясантириб малаклар қадар —
Олиб борадилар зарнишин тахтга…
Тилло остонадан илк ҳатлаганда —
Суяна бошлайман бу маҳрам тоғга.
Сўнг… ўтру келаман кутилмаганда
Тушларимда йиғлаб чиққан нигоҳга!..
Айт, Раббим, Кумушми, Зайнабманми** мен?!
(* — считается самым первым романом в истории литературы Узбекистана. )
(** — Кумуш и Зейнаб — две героиня этого романа. Узбекистан, начало XIX столетия — тревожное время последних ханов. Молод и красив Атабек — сын советника ташкентского правителя. Отец надеется увидеть в нем продолжателя своих дел, но Атабек держится независимо и берет себе в жены Кумуш из Маргилана. Молодые счастливы, но недолго. Недруги плетут вокруг Атабека интриги. Вместе с отцом Кумюш его бросают в тюрьму. Только срочный приезд к хану самой Кумюш с письмом, в котором доказана невиновность осужденных, спасает ее мужа и отца. Уступая настояниям родителей, Атабек женится еще раз на другой девушке по имени Зейнаб, но хранит верность любимой. Зейнаб, желая устранить соперницу, подсыпает Кумюш яд, та умирает, а Атабек остается один на один с судьбой и временем.)
Халқона — 3
Шамол эсар ғув-ғув-ғув,
Юракда оташ туйғу:
Бахт, десам, юз буради,
Бергани — фақат қайғу.
Боладек чопар йиллар,
Нафаслари тиқилиб,
Нима топдим, Художон,
Ишқ пойига йиқилиб?
Довуччадек тўкилар —
Ғам тўфонда кўзёшим.
Минг йиллардек олисда
Мендан ўн саккиз ёшим…
Алам, алам, алам-о,
Олис кетдим толедан.
Йиғлаётир қалбимда —
Адо этмаган ваъдам…
Шамол эсар ғувиллаб,
Сенсиз қалбим ҳувиллар…
У кунларни эсласам,
Ашким келар дувиллаб…
Шамол эсар…
Худойим, ўзингга топширдим…
Кўнглимни синдирди, оғриндим,
Оловга ташлади поралаб.
Вафони бедарддек соғиндим…
Изига қадалди парчалар,
Изига етмаса бир озор…
Оҳ, кўнглим ишқимга санчилар…
Кафтимни дуога очаман,
Бўғзимга қадалар қарғишлар…
Жон дедим… Айт, қандай кечаман?
Етимман, меҳрига етмаган —
Дераза ортидан термулиб…
Бундай бахт тақдирда битмаган…
Тош йўлга тўкилган гул барги
Минг парчин кўнглимга қариндош.
Шунчалар фақирми ишқ ранги?
Ғурур-да эгилган, маҳобат —
Нураган деворга суяниб…
Тўкилиб бормоқда муҳаббат…
Ишончга қолмаган ишончим,
Дардимни кимга ҳам айтаман?
Ярамга бир малҳам сурар ким?!
Кўнглимни измингга топширдим,
Ҳаётнинг изида маҳшардек…
Худойим, ўзингга топширдим!