Lobar Aziz

Живу в Узбекистане. Люблю литературу, особенно поэзию. Работала в газете «7х7» в отдел литературы. Стала победительницей в различных республиканских конкурсах. Опубликована моя книга «Qanotsiz farishtalar» («Ангелы без крыльев»)


Отрывок из произведения «Qanotsiz farishtalar»

Сен нега титрайсан?

 

Сен нега титрайсан,

баргин тўккан гул?

Менинг илдизим ҳам кетган тўкилиб…

Қийналма, ўртанма,

Куйма, кулгин, кул!

Бахтингдан армонлар кетсин букилиб…

Ўйлама, ҳаёт не?

Ўткинчи рўё!

Бахтингни излаб топ,

бахтсиз кунингдан!

Бир эмас, минг бора айлансин дунё —

Сенинг бир бахт балққан —

Табассумингдан…

Яшамоқ — кўникмоқ эмасдир.

Ёлғон!

Йўқотмоқ — ўлмоққа бўлолмас сабаб!

Сен ёруғ дунёда кўзинг очган он,

Умринг миллион бахтга қўйгандир талаб!

Титрама…

Олдинда тонглар бор, муштоқ —

Зиё бор.

Зулматни енгмоққа қодир!

Лабларинг ёдига кулгу инган чоғ —

Тутундек тарқалиб кетсин хавотир…

Қара —

юрагингни босибди ғубор.

Қара —

кўзларингни ёшлатибди чанг.

Арит, артиб ташла, гардга нима бор?!

Ғанимлар лаб тишлаб қолсинлар — «Аттанг!»

Сен —

БАХТГА ЛОЙИҚСАН!

Ишққа муносиб!

Ҳали очилмаган гулларинг қанча?!

Кўзёш кулгучларинг кетганда босиб —

Яша, кўзёшларга кулиб ўтганча!

Ҳали бизнинг тонглар отади, ишон…

Армон йўқламоққа бўзлаб ўтар зор!

Баргларинг бандингдан учиб тушган он —

Ўксинма, ўртанма, ёнингда МЕН БОР!

Сен нега титрайсан?..

 

Болам…

 

Болам,

Менга ҳасса олиб келдингми?

Ўзингга суянсам бўлмасми болам?

Болам,

тугаяпман чоғи, билдингми?

Кетсам,

Сенга оғир бўлмасми болам?

Болам,

Қўлларимда қолмади мадор.

Болам,

оёғимда қувват қолмади.

Бир кун соғ ўтирсам етти кун бемор,

Кўргулик суврат-у сумбат қолмади…

Болам,

Кўзларимда хиралашди нур,

Кўксимда илвираб тугаяпти жон.

Болам, саломингни эшитмоқ ҳузур,

Болам, юзларингни кўраман қачон?

Болам,

Келишингдан кетишларинг тез,

Бу дарди безорга дийдоринг малҳам.

Йўлингга кўз тикиб кутсам-у ҳар кез,

Болам,

Менга айтар гапинг мунча кам?

Болам!

Дуоларда Худодан сўриб,

Туққанда қувончдан йиғлаган болам,

Тўққиз ой танимда кўтариб юриб,

Уч кунга уйига сиғмаган болам,

Дийдаси қаттиғ-у зардаси оғир,

Дунёнинг ишидан ортмаган болам,

Дўст-у бегонага етган вақти бир,

Қўнғироқ қилишга етмаган болам!

Кўнглим узилмайди кўзим узсам ҳам,

Уёғи оз қолди, билдингми болам?

Қўлингдан тутай, деб қўлларим чўзсам —

Менга ҳасса олиб келдингми, болам?..

Болам…

 

Болалар уйида

 

Кўзларим яширдим сўроқларингдан,

Қуримай хўл бўлган қароқларингдан,

Кел, ўзим бир ўпай,

яноқларингдан,

Тонглари аллада отмаган болам…

Юракчанг оғритган аламми, ғамми?

Дунёнинг бир ками бир сенсиз камми?

Кўз очиб улгурмай, шунча ситамми…

Кўзлари дардларин сотмаган болам…

Эшикка кўз тикиб, кўзлари толган,

Кўксида гуноҳнинг излари қолган,

Йиллар эритолмас музлари қолган,

Бир яйраб бешикда ётмаган болам…

Онасин танимай таниса эсин,

Кимни дада десин,

аяжон десин?

Хе, ўша аянгни бобовлар есин…

Тишлари «мамма»га ботмаган болам…

Дадасин от қилиб минмаган тойчам,

Онаси ўпмаган ойим, ойпарчам,

Яшашдан,

ейишдан ками йўқ,

гарчанд —

Илк ризқ-у рўзини тотмаган болам,

Тонглари аллада отмаган болам…

 

Соғиндим, деб…

 

Соғинчингиз залворлари бунча оғир?

Сал эгилсам тоғдек босиб қолади-а?

Ҳар ёнганда тутаб-тутаб куйса бағир,

«Соғиндим», деб айтолмасам ғалати-а?

Сизсизликнинг азоблари ёмон экан,

Ҳар келганда жоним юлиб олади-а?

Қўл узатсам — кўнгил ярим, дунё бир кам,

Кафтингиздан тутолмасам ғалати-а?

Бош қўйгани бир жой истаб, топсам қани,

Тегиб кетсам тош ҳам «дод» деб қонади-а…

Хаддим сиғмас исмингизни чорлагани,

Умид боғлаб кутолмасам, ғалати-а?

Бир оҳ десам, дунёлари йиғлар айтиб,

Уним чиқса, осмондан ой қулади-а?

Ҳеч бўлмаса тушларимда сизга қайтиб,

Ё ортимга кетолмасам ғалати-а…

Сизсизликнинг азоблари…

Бунча оғир…?

 

Соғиндим, дегин…

 

Бўзлатганда минг йиллик ҳажр,

Сўзлатганда гунг ишқнинг оҳи,

Маҳшаргача қалбинг тешган сир —

Юрагингнинг яккаш гуноҳи

Қувилсин-чун,

«Соғиндим» — дегин…

Қулаб тушсин елкангдаги тоғ,

Қуриб қолсин дарёлар суви,

Йиллар йиғлаб юволмаган доғ,

Ҳеч бўлмаса қиёмат куни —

Ювилсин-чун,

«Соғиндим», — дегин…

Ботиб кетсин оловларга муз,

Қолиб кетсин узлатларда кин,

Дийдорингни тилаб толган кўз,

Тушларида кўрса ҳам таскин —

Юмилсин-чун,

«Соғиндим»,  -дегин…

Кузакларда тўкилмаган дард

Остонамда кетсин эшилиб,

Икки дунё айро келган фард —

Лабларингга жоним қўшилиб

Кўмилсин-чун…

«Оғриндим!» — дегин!

«Сени ёмо-он соғиндим…» — дегин…

 

Айрилиқ

 

Бугун чиндан айрилаяпмиз —

Етмай туриб ишқнинг исига.

Терс томонга қайрилаяпмиз —

Эргашганча видо изига,

Эссизгина…

Айрилаяпмиз…

 

Гуноҳларни ахтармоқ бекор,

Хатоларга қолмади ҳожат.

Тошиб кетса аламлар — беор,

Армонларга этиб муножат,

Сассизгина…

Айрилаяпмиз.

 

Йиғлаётган сенми ёки мен?

Бўзлаётган ишқми, шумқисмат?

Орамиздан эсаётган ел,

Тўфонларга айланмоқ истаб…

Ҳиссизгина…

Айрилаяпмиз…

 

Туташмади манзиллар — йироқ,

Улгурмади кўзёшлар қуриб.

Юракларни бир қилиб бироқ,

Ажаб, бир бор учрашмай туриб —

Сўзсизгина…

Айрилаяпмиз…

 

Айтилмайди энди бирор сўз,

Соғинмоқлик кўнгилга малол,

Бир озгина…

Келмай турса куз —

Бахтли бўлармидик, эҳтимол…?

Бахтсизгина…

Айрилаяпмиз…

 

****

 

Уни севмагандим.

Умуман… Хуллас —

У бир ҳавас эди, шунчаки ҳавас…

Унинг ёди билан отар эди тонг,

Уни ўйлаб кунлар ботар эди, бас…

Уни севмагандим.

Севмагандим, йўқ!

Муҳаббат не ўзи? Билмасдим, асли

Юракка текканди шунчаки бир ўқ,

Дардимга даво, деб билардим васлин…

Кўзидан томарди кўксимга мунглар

Кўнглимда аламлар сели оқарди…

Унинг айвонида отганда тонглар —

Менинг тонгларимдан тунлар боқарди…

Уят парда эди.

Ҳаё — подишоҳ.

Ғурур кўзларимнинг артарди ёшин.

Мен жим термилардим…

Кўрмас эди, воҳ,

Шундай ўтиб кетди ўн саккиз ёшим…

Шундай ўтдик ишқсиз.

Кул остида чўғ.

Кунда икки-уч бор боқар эди, бас.

Уни севмаганман.

Севмаганман йўқ!

У менга шунчаки ёқар эди, бас!

Шунчаки, йиғлатиб кетди йиллар ҳам.

Армон алла айтди, қайғуга ўраб.

Бир сўзда айтолмай ўтди диллар ҳам,

Шунчаки…

Тўйида йиғладим ўкраб…

Йиғладим, йиғлади қаро булутлар.

Югурдим.

Ғурурим тўсди йўлимни.

Кўрмоқчи эдим, бир…

Охирги марта.

Ҳаё ушлаб қолди, маҳкам қўлимни…

Юрак — тош.

Муҳаббат?

Кул остида чўғ.

Ёниб улгурмайин ўчирганман, бас.

Уни севмаганман, севмаганман йўқ!

У бир ҳавас эди…

Шунчаки ҳавас!

 

****

 

Терилар рақамлар.

Босилар тугма —

Товушлар келади узундан-узун.

Симлар титраб кетар…

Оласиз, сўнгра —

Соғинчлар туташиб кетади бир зум.

Ҳўрсиниқ келади.

Оғир нафаслар…

Жимгина қарғаймиз тақдиримизни…

Юракка тор келар кўкрак қафаслар —

Унсиз тушунамиз…

Бир-биримизни…

Шу қадар ожизмиз,

шу қадар ғариб —

Шу жонсиз симларга тушганмиз асир!

Бедаво дунёдан даво ахтариб,

Давосиз бир дардга боғландик ахир…

Тугмани босасиз.

Яна шу овоз —

Симларнинг фарёди бағрим тиғлайди.

Тамом.

Бас.

Соғинчим эрта тонггача —

Боламга қўшилиб йиғлайди…

 

****

 

Ҳўрсинасиз.

Маҳкумсиз гўё —

Армон ишқнинг қийноқларида.

Менинг аксим кўрдингизми ё,

Қизингизнинг нигоҳларида?..

Жим қоласиз.

Қалбингизда тош —

Ҳар кеч ботиб уйқу бермайди.

Ёнингизда ётган қаламқош —

Кўнглингизни мендек билмайди…

Сағир дилнинг рўмолчаси хўл,

Ичингизга оқдими ёшлар?

Кўксингизни тешганида дўл,

Сочилдими сўнгги бардошлар?

Узр сўранг, кўрсатганда бўй,

Увол ишқнинг гуноҳларидан,

Менинг исмим қўйилган, хушрўй —

Қизингизнинг нигоҳларида…

 

Илтимос…

 

Илтимос!

Гапирманг.

Сўзламанг ортиқ.

Чорламанг. Чақирманг. Ишққа зормасман…

Мен музга кўнглимни этганман тортиқ,

Хазонрез боғларга қайтиб бормасман…

Илтимос!

Кул босган кўчамдан ўтманг!

Шивирлаб уйғотманг армонларимни…

Ўксинманг, ўртанманг, кўзламанг, кутманг!

Дардга алмашганман ҳижронларимни…

Илтимос!

Қайрилманг, қалб йиғлаб қолса…

Ғурур жиловига олмаса тилни…

Минг йиллик фарёдлар қайта ўт олса,

Қандай овутаман шўрлик кўнгилни?!

Илтимос…

 

****

 

Қара —

Кўраяпти сенсиз ҳам кўзим,

Ҳар оқшом сабримга тиланиб тўзим,

Мен сенга бахтларни соғиниб,

Ўзим —

Кўнглимни музларга бериб яшадим…

 

Йиқилсам ортимдан суяди тақдир,

Йиғламоқ ёлғондир,

Кўникмоқ — ҳақдир!

Сенга умр тилаб,

Кўксимдан бир-бир —

Сен отган тошларни териб яшадим…

 

Тиканни гул атаб,

Аламни суйиб,

Армоннинг отини Муҳаббат қўйиб…

Исмингни айтганда пичирлаб,

Куйиб…

Кўнглимга бир муштлаб,

Уриб яшадим…

 

Ачинма!

Қошингда титрамоқ бекор,

Пойингга сочилса —

соғинчлар беор!

Сен бахтдан барқ уриб кулганингда, ёр —

Мен дарддан сарғайиб,

Қуриб яшадим…

 

Ўкинма!

Тушингда изғисам дайдиб,

Ўксинма!

Ҳушингга келмайман қайтиб…

Исмингни минг бора такрорлаб айтиб —

Сувратинг сурмадек суриб яшадим…

 

Фалакни тарс ёрди лабдаги титроқ…

Дил қаттиқ. Ер қаттиқ.

Осмон ҳам йироқ…

Сочилдим.

Тўкилдим…

Билмадинг, бироқ!

Мен ишқдан юзимни буриб яшадим!

 

Сўз дема…

Сўрама шу хаста ҳолим,

Игнанинг учида турибди жоним…

Сен менинг исмимни билмадинг, золим!

Мен сени ўзимдан қўриб яшадим!

 

Қара,

Кўраяпти, сенсиз ҳам кўзим…

 

Уч қадам

 

Ташланмаган уч қадам қолди,

Сўнг етаман —

остонангизга.

Ҳеч бўлмаса,

ўлимим олди —

Бир бор боқинг девонангизга…

Йиғлаб ўтдим,

васлингиз сўриб,

Жаннатидан кечдим.

Нетаман?

Кўзингизни бир лаҳза кўриб,

Жаҳаннамга қайтиб кетаман…

Меҳр истаб кўнглимни тутиб,

Ҳадя олдим —

куйдиргувчи муз.

Сиз ухлайсиз.

Шу тоб қон ютиб —

Кўчангизда йиғламоқда куз…

Қарай-қарай кўзларим толди,

Ёт битилган пешонангизга.

Ҳеч бўлмаса…

Ўлимим олди —

Бир бор боқинг девонангизга.

 

Ташланмаган…

уч қадам қолди…

 

Таскин

 

Бориб айтинг унга оҳларим —

Тоқ кўнглимда қорайган жой бор.

Ўзим олай бор гуноҳларин,

Сўнгги бора, сўнгги бор, сўнг бор —

Бир кўрайин, келиб-кетсин у…

 

Пешона-да,

Куйинма, эркам,

Қайрилмагин.

Ортингда не бор?

Хаста юрак. Бахтсиз дил.

Бир кам —

Айрилиққа бош эгган беор,

Қўй, ортингда қолиб кетсин у…

 

Индама. Жим. Бўғзимда олов.

Чиқиб кетса, ёмон бўлади.

Куйигида қолмасин биров,

Тегиб кетса, тамом бўлади…

Ўз кўксимда ёниб кетсин у…

 

Изларингга олай илашиб,

Жоним берай азобларингга.

Қайрилмагин, қолса эргашиб

Қўлин чўзиб саробларингга.

Тупроқ бўлиб қолиб кетсин у…

 

Хайрингдан ўргилай ўзим,

Алвидоинг юрагимни ер.

Менга Аллоҳ беради тўзим,

Сен…

Тушларда дийдорингдан бер,

Куюк дилни тилиб кетсин у…

 

Мени? Менми? Мени қўятур,

Сенсизликдан менсизлик яқин.

Исминг айтган ҳасратимга ур,

Чақнаб кетсин кўксидан чақин,

Пойларингда чириб кетсин у…

 

Сен отангни қилма норизо,

Сен онангга қилмагин жабр.

Юрагингнинг қоқ ўртасидан

Кавлаб қўйгин севгимга қабр —

Тириклайин кириб кетсин у…

 

Бориб айтинг

Унга оҳларим…

 

Соғинч яқин…

 

Соғинч яқин, азоб яқин, дийдор йироқ,

Кўзёшларим кафтларингга томгиси бор…

Дунёларга сиғмаяпти жоним, бироқ —

Киприкларинг соясида қолгиси бор.

Бахт сўргандим, дардларини тутди тақдир,

Висол сўриб, топганимиз видо бўлди.

О, қалбимнинг оловларин сен билдинг бир,

Сендан кечиб ёнганларим Худо билди…

Тилга кирса додлармиди унсиз суврат?

Бу қандай қалб, қўлин силтаб кетолмайди?!

Ҳар лаҳзада минг бор сени чорлар журат-

Сенга бошлар тугмаларга етолмайди…

Армон яқин, ҳижрон яқин, осмон йироқ,

Ер қаттиғу, ич-ичига тортгиси бор.

Юрак ютиб айтолмайди ғурур бироқ,

Пойларингда тупроқ бўлиб ётгиси бор…

Соғинч яқин…

Азоб яқин.

Дийдор йироқ…

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (22 оценок, среднее: 2,00 из 5)

Загрузка...