Iroda Umarova

Живу в Ташкентском области, в Узбекистане. Литература — моя жизнь. Мои стихи и рассказы публикуются в различных газетах и журналах страны. Являюсь победительницей в различных республиканских конкурсах. Опубликованы пятеро мои книги — «Bahor visoli» («Достичь до весны»), «Egasiz sog’inch» («Тоска без владельца»), «Uchinchi dunyo» («Третий мир»), «Siz uchun» («Для вас») и «Muhabbat diyori» («Родина любви»). Мои стихи были опубликованы на литературном альманахе «Sevgi fasli» (Пора любви) (проект Азербайджана.) в данное время работаю на газете «Bekajon» («Хозяюшка»).


«Siz uchun»

CУҲБАТ

 

Эҳ!

Сизга ҳавасим келади жуда,

Табиат товушда рўйланганида.

Тинглайсиз, гоҳ сокин, гоҳ авж пардада

Ёмғир ҳаёт мадҳин куйлаганида.

Балки сел бўларсиз, қушлар чуғурлаб

Дарахт кафтларидан ўқишса оят.

Эшитиб қоларсиз, бебош шамолни

Барглар шитирлашиб қилганда ғийбат.

Чақмоқ қарсилласа тушарсиз чўчиб,

Қор ғарчин басталар қадамингизга.

Тўлқинлар кулгунгга қолибди кўчиб, —

Дейсизми суюкли одамингизга?

Сўзсиз қўшиқ айтиб ўтади кунлар,

Айтинг — қадрлими ёки барибир?!

Сиз учун доимий, ҳатто жўн унлар

Мен учун соғинчли хотиралардир!

Шундай…

Жонлантириб олис хулёни,

Унут оҳангларни такрорлаб қалбан —

Бутун одамзотни, бир кам дунёни

Тинглаб яшаяпман кўзларим билан…

Эҳ, бечора, деманг, шундай чорам бор —

Сизда бундай инъом йўқдир, ранжиманг.

Қулоқ пардаларга етмоғи душвор

Сасларни ҳисларда қилгум таржима…

Қаранг —

Сув тол торин чалиб ўтади,

Балиқлар гурунгин қамраб оғуши.

Бармоғимдан кўнглим қадар етади

Хонқизининг майин қадам товуши.

Қаноти ҳавони чертиб учмоқда,

Капалак — чамандан сачраган чўғдай.

Шўридан зорланиб ётган сўқмоқда

Чумоли ҳансираб судрайди буғдой.

Садоси нолага кетар бўялиб —

Пошналарни бир-бир санар бўсаға.

Дераза ойнаси йиғлар уялиб,

Шаддод қорпарчалар олган бўсага.

Қуёш чил-чил синар шабнамзор ичра,

Туман бу — заминнинг қуюқ оҳлари.

Таралаб ётади боғлар бағрига

Гуллар — ғунчаларнинг қаҳқаҳалари…

Эшитяпсизми?!

 

ҚАДРДОНИМ

 

Унга ёриламан соғинчларимни,

Унга йиғлайман рашк-аламимни ҳам.

Унга шивирлайман ўтинчларимни,

Унга тўкиламан ситамимни ҳам…

У ранжиб кетмайди, ҳамиша бирга,

Ёнимда юради кўчада, уйда.

Қаро кечаларим шўнғитар нурга,

Уйғотади бағрим иситган кўйда.

Минг қистаб эриша олмагандинг сен —

Ишқ изҳорим минг бор эшитгандир у…

Сенинг тушингга ҳам кирмайди, лекин

Лабимда юзларин иситгандир у…

Иккимиз кутамиз сени йўл қараб,

Вақт имиллайди оғироёқдай.

Билмадим, негадир ўзингдан кўра,

Менга шу суратинг қадрдонроқдай…

 

ҲАСАД

 

Кўролмас дейдилар,

Йўқ, хўп кўрасан

Кишининг заррача толе, омадин.

Самимий ниқобда секин бурасан

Қора мавзуларга гап даромадин.

Бир сўз билан дунём қилиб қоронғу,

Ғийбатдан, туҳматдан ёрасан фасод.

Жиноят эканинг шундоқ аён-ку,

Жазойинг ҳам чиқар ўзингдан, ҳасад!

Аллоҳ юқтиргани — шеърларим ўқиб,

Кўнглингни қоплайди ҳузурмас, ғашлик.

Бир сатр, бир ташбеҳ, бир маъно чўқиб,

Ўзингники қилиб суқасан қошиқ.

Шундан завқланасан, билмайсан лекин:

Юрагим — сичқонга бепарво асад.

Ким бўлсанг, кимимдир бўлсанг менга не,

Биргина сўз билан атайман — Ҳасад!

Ёздим, ёзавердим ёниб қасдма-қасд,

Қандайдир фойданг бор, топган бўлсам шаън.

Балки яхшидирман, нодирман бир оз,

Кўп юрасан улар билан ёнма-ён.

Ярадор курагим кердим атайин,

Умримга қасамдай санчилди мақсад:

Сен мени тиришиб нуратган сайин,

Мен шунча юксалиб бораман, ҳасад!

 

КЎНГЛИНГИЗ…

 

Эшиги йўқ, йўқ деразалари,

Лекин унда кириш-чиқиш бор.

Лекин мендан холи ул манзил,

Ташрифимга изн ҳам душвор.

Атрофида айланаман хун,

Девор йўғу, кўринмас ичи.

Нигоҳимга қадалиб қолган

Изтиробнинг ўтмас қиличи.

Тиламайман эҳсон, мурувват,

Алам қилар фақат гоҳида —

Ҳатто яшар ағёрларингиз

Ул қасрингиз нафратгоҳида…

Ҳолбуки, мен ёр бўлиб келдим,

Қандайки бахт кутардингиз сиз —

Барчасида бор бўлиб келдим,

Юрагимдан итардингиз сиз!

Кўзёшлардан тиклангандайман,

Қўйвормайман битта озорни —

Менинг ўрним эгаллади ким?

Менинг ўрним… аслида борми?!

Кетгим келар, кечгим келмайди,

Қандай тубсиз ишқ қаъридаман.

Ҳаётингиз ичидаман-у,

Кўнглингиздан ташқаридаман…

 

ҚУРИМАС БОҒ

 

Сиз — кўзимни асраб юрган нур,

Сиз — бошимни тик тутган сурур.

Сиз — қуёшга қараб кетган йўл,

Бор-у йўғим шу йўлда эрур.

 

Ўзингиздан қўшиб бериб шон,

Қилмадингиз бировдан камлар.

Умрингизни еди, дадажон,

Юрагимни тишлаган ғамлар.

 

Ташвишимда пинҳон нурайсиз,

Лек суянсам тоғдай тирайсиз.

Хаста бўлиб келмай қолсангиз,

Тушларимда ҳолим сўрайсиз…

 

Айтарларки: қош-кўзимда — Сиз,

Истарайи юлдузимда — Сиз.

Яхшилигим Сиздан, дадажон,

Орим, фахрим ва СЎЗимда — Сиз.

 

Дарахтсиз, Сиздан бир шохман,

Дуонгиздан сув ичар шаъним.

Изингиздан кўкарган боғман,

Қуримоққа ҳаққим йўқ маним!

Изингиздан кўкарган боғман,

Қуримоққа ҳаққим йўқ маним!..

 

САБРГУЛИМ

 

Соғиндингиз,

Лекин кўрсатмадим рўй,

Онажон, сиз менинг сабргулимсиз…

Меҳрингиз тўкилган мактублар хушбўй,

Онажон, сиз менинг атиргулимсиз…

 

Келдингиз,

Кетдингиз дийдорга қонмай,

Юрагим эргашди изларингиздан.

Ёлғон таскинларга қўйдим ишонмай,

Тошбағир чиқдимми қизларингиздан?

 

Кутдингиз…

Бормадим байрамларда ҳам,

Ва байрамлар кутдим маҳзун, кўнгилсиз.

Сиз учун ўзимдан аразлаганман,

Онажон, сиз менинг қадргулимсиз…

 

Соғиндим…

Кўзимга қадалди йўллар,

Оғриқлар осилди томирларимга.

Ранги камалакда ҳам йўқ туйғулар

Дарз солди музлаган сабрларимга.

 

Йиғладим…

Ўзимдан юзим ўгириб —

Гуноҳим қошида чўккаладим тиз.

Бағрингизга ботай бир шабнам бўлиб,

Онажон, сиз менинг атиргулимсиз…

 

ТИКОНЛИ ГУЛ

 

Менга ачингандай қараманг

Ва меҳрингиз қилманг садақа.

Билмайсизки, кулгудан кўра

Кўзёш яқин қилади Ҳаққа.

Ўйлайсизки — яримта қалбим,

Кемтигига армон тахлайман.

Йўқ! Тикон-ла тугал гул каби

Шу дардларим билан бахтлиман!

 

ОТА УЙ

Мўъжаз ҳовли,

Каттагина боғ,

Дарвозаси ҳеч турмайди берк.

Бунда кезиб юрар бош-адоғ

Тоғ ҳавосин кийиб олган Эрк.

Бунда кесмас қуёш қўлини

Кўча бўйлаб чўзилган девор.

Бунда турмас юрак зўриқиб,

Овоз чиқар яйраб, жарангдор.

Тепсанг қўшнинг қилмас безовта,

Пешонаси тош остоналар.

Сомонсувоқ баданларига

Беҳи ҳидин сепган хоналар.

Учта сандиқ, бир эски танча —

Шудир холос бисот дегулик.

Дабдаба ва буюм ўрнига

Ўрнатилган меҳр, тотувлик.

Ота ҳовлим,

Томинг четида

Айронкади осилган бутоқ —

Қучоғингда тургани учун

Мендан кўра бахтли,

Бахтлироқ!..

 

ИСТАК

 

Шундайин севсангиз…

Айтганингиз чоғ

Исмим куйдиролса лабларингизни…

Юлдузнинг тушига бахт кирган тунлар

Ой менга етказса гапларингизни…

Ёдим ёдингиздан ўтганда чатнаб,

Кўзингиздан сизиб кетса қайғунгиз…

Нигоҳимни эслаб, энтиксангиз жим,

Майсалар титроғин кийса руҳингиз…

Гулга ўхшатсангиз,

Кейин ўзингиз

Гулдан қизғонсангиз рафторларимни…

Дайди шамоллармас, сизнинг қўлингиз

Варақласа кўнгил дафтарларимни…

Гулнинг кўзёшлари — шабнам мисоли

Томсам субҳидамнинг ёноқларидан…

Сингдирсангиз мени, қуёшдай балқиб

Осмоннинг муаззам равоқларидан…

Агар келар бўлсам ҳузурингизга,

Шулъага бўялса каҳкашонингиз…

Агар кетар бўлсам…

Бундан аввалроқ

Жисмингизни ечиб кетса жонингиз…

Шундайин севсангиз…

Гўзал севсангиз…

 

ЙЎЛБАРСМАН

 

Кўриб ёқангизни ушлайсиз балки,

Таниш қиёфамда нотаниш феълни?

Танимга, бу ҳаёт — бешафқат табиб,

Кўчириб қўйгандай бошқа кўнгилни.

Ўзимни эслайман ҳув ўтмишдаги,

Қандай оҳу эдим! Содда, беозор…

Афсус, яхшилигим ёмон экан, дўст,

Беозорлигимдан чекдим кўп озор.

Ҳасадгўй, дўстниқоб, шаънхўр шоқоллар

Кўзёшим ичгали тушдилар қасдга.

Бу ов жараёни эвирди мени

Ожиз ўлжагамас, озод йўлбарсга…

 

ЯНА БАҲОР

Яна новдаларга тошди куртаклар,

Яна дарахтларда очилди қушлар.

Яна нурга коса тутди чечаклар,

Яна ёмғир бўлиб қайтди товушлар:

Баҳор… баҳор… баҳор…

 

Яна кўкка дастхат чекди чақмоқлар,

Яна камалакда қовушди ранглар.

Яна думалади момақаймоқлар,

Яна ариқларда оқди оҳанглар:

Баҳор… баҳор… баҳор…

 

Яна соч ўстирди девона толлар,

Яна майсаларга тушди қутқулар.

Яна майинлашди хушбўй шамоллар,

Яна атлас-ипак кийди туйғулар:

Баҳор… баҳор… баҳор…

 

Яна қизғалдоққа бўялди қирлар,

Яна яшил шароб сипқорди борлиқ.

Яна тилимизга қайтди шукрлар,

Яна бир баҳорга етказди Холиқ!

Баҳор… баҳор… баҳор…

 

МЕН ГУЛМАН!

 

Ҳеч кимга ишқимни кўрмас эдим эп,

Қандай адаштирди гўзал ҳасратинг?

Гулим деб, дунёда танҳо гулим деб,

Мени кафтларингда шундай асрадинг!

 

Ишон, тўлдираман дунёи-дунни,

Илдизимга етган ишқингга қасам!

Бошқага кафт чўзиб,

Бир куни мени

Гул каби… гул каби ташлаб кетмасанг…

 

ГАРАША* ТОМОНЛАРДА

 

Гараша томонларда йўлим қолиб кетди менинг,

Йўл бўйида ёшлик деган гулим қолиб кетди менинг.

Ёнбошидан бир қайрағоч суябгина турган уйда

Отам бўлиб, онам бўлиб кўнглим қолиб кетди менинг.

 

Юрибди-я тўйиб-тўйиб Ватанининг жамолига,

Оҳ, ҳавасим келиб борар Гарашалик чумолига,

Юрак таслим бўлиб тугар соғинчларнинг қамалига,

Кўзёшларнинг оҳангида тилим қолиб кетди менинг.

 

Ойда-йилда бир бораман бир меҳмони азиз бўлиб,

У уйимга келар хешлар кўзидаги юлдуз бўлиб,

Опаларим тугунида ёнғоқ бўлиб, майиз бўлиб,

Тимсолида бир жонкуяр синглим қолиб кетди менинг.

 

Ҳеч бир туйғу эрка эмас унга боғлиқ хаёл каби,

Ким дўстимдир қирларидан ўтиб келган шамол каби?

Яримтаман осмонида юзин ювган ҳилол каби —

Гараша томонларда…

Гараша томонларда кўнглим қолиб кетди менинг…

 

* Гараша — название села, где я родилась.

 

 

СЕВГИМИЗ

«У бизнинг севгимиз…»

Зебо Мирзо

Бузмай на Сўз ва на қулоқнинг тинчин,

Тўппа-тўғри дилга йўлланган пайғом.

Мўлжаллаб иккита бандаси учун,

Аллоҳимдан битта берилган инъом….

Кўнгилдан кўнгилга тортилиб тори,

Нафаслар зарбида жонланган чолғу.

Жоннинг қучоғига ботиб озори,

Юракларда қондай айланган туйғу…

У бизнинг севгимиз…

Чоғлари унинг

Биздан ўзгаларга аталган эмас.

Ҳеч ким муҳаббатдай ғами узуннинг

Бахтларига биздай етолган эмас!…

Муҳаббат аслида ягона эрур

Ва нечта қалб бўлса шунча турфа ишқ.

Мисоли биргина, биргина танбур

Садо қилганидай мингта куй-қўшиқ.

Унинг энг ширали таронасидай

Ҳаёт илдизига етишдик сувдек.

Бахт демай, висол-у мўъжиза демай,

Аллоҳ кўнглимизга солганча севдик!

Бугун кўзларимиз бир-бирига нур,

Ҳижронлар, аламлар — шунчаки бир из.

Ҳатто кўзёши ҳам тўкилар мағрур,

Дунёдан бир карра баланд севгимиз!

Бизнинг севгимиз…

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (32 оценок, среднее: 2,00 из 5)

Загрузка...