Feruza Eshmirzayeva

Люблю читать книги, но бухгалтерия, математика, цифры намного интереснее для меня. Где-то давно, в детстве сочиняла стихи. Работаю бухгалтером уже несколько лет, и считаю математика — необходима во всех сферах жизни.

I like reading books, but accounting, math, numbers are much more interesting for me. Somewhere long ago, as a child, I wrote poems. I have been working as an accountant for several years, and I think mathematics is necessary in all spheres of life.


Один день большого года или когда вернулся папа

МУҲТАШАМ ЙИЛНИНГ БИР КУНИ

ЁХУД ДАДАМ ҚАЙТИБ КЕЛГАН КУН

 

Асардан парчалар

ПЕШИНДА

Фая 1938-йилда — ҳали Улуғ Ватан Уруши бошланишидан аввал дунёга келган бўлса-да, у уруш ибтидосини эслай олмайди. Фақат катталарнинг «уруш» сўзи қатнашган суҳбатлари қулоғига чалинганда англайдики, уруш — ер остидан отилиб чиқадиган ўта машъум, қоп-қора бир даҳшат, Люси хола уйига келган почтачига қарагандаги юз ифодаси сингари ваҳимали бир нарса. Фаянинг ойиси ҳам фронтдан — унинг дадасидан хат олиб туради. Фая дадасини дунёдаги энг яхши инсон сифатида тасаввур қилади: унинг дадаси басавлат ва бағрикенг инсон. Фая дадаси урушдан қайтиб келадиган кун ҳақида жуда кўп ўйлайди, ўша кун келса, қандай ажойиб бўлар эди-я!

Қайнатилган картошка ва сут билан нонушта қилган Фая ҳовлидаги муҳташам сўрида латта қўғирчоқларга, ўйинчоқ қутиси ва қўғирчоқларнинг турли-туман латта-путталарига кўмилиб ўтирарди. Ҳозир унинг ёнига Гулжаҳон келади ва улар бига ўйнайдилар. Муха исмли бароқвой эринганнамо юриб келди-ю, шундоққина қизалоқнинг ёнига — ранго-ранг гиламга чўзилиб олди. Гулжаҳон, Фаянинг қорамағиз, қувноқ дугонаси унча кўп куттирмади. У ўзи билан иккита қирмизи олма келтирган эди, дугоналар ундан тотиб кўришаркан, сокин суҳбат қура бошладилар. Улар доим ноодатий нарсалар ҳақида суҳбатлашишни ёқтиришарди, масалан, Ойсултон деб аталган латта қўғирчоққа жон кириб қолса ва у гапира бошласа, нима бўлади, деб ўйлардилар. Ёки, киши ёруғ дунёдан кўз юмгандан сўнг, қайси оламга тушади?

Ва, яна, энг қизиқарли мавзу — инсон қандай қилиб ва нима учун ўсади? Фая жумбоқли мавзуларни ёқтирарди, бу олам синоатларга шу қадар бойки, мен умрим сўнгигача ҳам шунчалик кўп нарсани ўрганолмасам керак, деб ўйларди у. Бу хаёл уни қаттиқ хафа қиларди. Кўзларини юмиб, тасаввур қиларди: мана, у бутун дунё ташвишларидан юз буриб, сўнгги манзил дарвозасидан ҳатлаган-у, унинг жонсиз танаси атрофида одамлар, «Бечорагина, ўзи интилган билимларни ўрганолмади, улгуролмади!» — дея афсус билан сўзлаётганларини эшитаётганини тасаввур қиларди.

У бутун борлиқ синоатларини англашга сабри чидамай, ўрганиш жараёнини тезлаштириш учун борлиқнинг энг оғриқли нуқталарига айланган муаммолар устида «изланиш»га ҳаракат қиларди. Масалан, у Гулжаҳон билан биргаликда шаҳарчадаги вафот этган бирор кишини сўнгги йўлга кузатиш — маҳаллий қабристонга дафн этиш ва мотам-худойи маросимларида иштирок этарди. Фая қайғуга ботган оломон орасида бораркан, балки, айни вазиятдаги одамлар оғзидан инсон вафотидан сўнг қаерга бориши ҳақида бирор гап-сўз эшитиб қолишга умид қиларди. Баъзан, ойисининг қучоғини олам-олам саволларга тўлдирарди: Инсон нима учун яшайди? Инсон юраги қандай қилиб бир дақиқага ҳам тин олмай, тўхтовсиз ишлайди? Уни ким ишга туширади? Би!з ухлаганимизда қаерда бўламиз? Нега мен кўпинча чуқурга тушиб кетаётганимни туш кўраман? Нега мен атрофимда содир бўлаётган воқеаларни аввал ҳам кўргандек, аввалдан биладигандек бўлавераман? Ва яна адоғи кўринмайдиган миллионлаб саволлар…

Албатта, Фаянинг онаси кўпинча хўжалик ишлари билан банд бўлади, шунинг учун қизининг бу саволларига ҳар доим ҳам жавоб беришга вақт ажратмай, бандлигини айтади ва саволларни жавобсиз қолдиради. Ахир, ойиси бор вақтини қизининг бир олам саволларига жавоб беришга сарфласа, уй ишларини ким қиларди? Шу боис, Фая бу сўроқларнинг жавобларини ўзи ўйлаб топишига тўғри келади, ёки бу ҳақда биладиган одамлардан сўраш учун қулай фурсат келишини кутишдан бошқа чораси йўқ. Лекин бу билан саволларнинг сафи камайиб қолмайди-да…

Мана, ҳозир ҳам улар Гулжаҳон билан жуда муҳим масалани муҳокама қилишяпти: нега кучукча, қўзичоқ каби туклар билан қопланган ҳайвонларнинг танасидаги туклар маълум узунликкача етиб боргач, ўсишдан тўхтайди-ю, қизалоқларнинг сочлари ўсаверади-ўсаверади-ўсаверади? Агар уларни калталатиб турмаса, Фаянинг сочлари каби тиззасидан ҳам узунроқ бўлиб ўсиб кетиши мумкин…

Қизчаларнинг сочлари узун, деганда, энсагача бўлса экан-у, шундоққина тараб қўйиш билан иш битса экан! Узууун сочларни ҳар куни эрталаб тараб, ўриб қўйиш, кечаси эса, ўримни ечиб ухлаш керак-да!

Гулжаҳон, ҳайвонларда ҳаммаси бошқача бўлишини айтганда, Фая бунга қарши фикр билдириб, у билан баҳсга киришди. Нега энди ҳайвонларда ҳаммаси бошқача бўлиши керак, ахир улар ҳаммаси инсонлар каби тушуна оладилар, фақат гапира олмайдилар холос. Ана, Муха, эринчоқ бўлсаям, ақлли жонивор. Масалан, Фая бирон-бир иш билан бирор ёққа борса, Муха ҳатто бошиниям кўтармайди, лекин агар Гулжаҳонларникига борса, бароқвой дарров унга эргашади. Чунки, у Гулжаҳонларнинг уйида — ҳовлидаги оғилда сигир боқилишини ва Гулжаҳоннинг ойиси Биби хола унга идишда сут беришини билади. Бунга мушукнинг қандай қилиб ақли етади?  Чунки, у ҳам инсонлар каби онг соҳиби.

Улкан ва қизғиш юзли бобо қуёш шаҳарча тепасига кўтарилди. Фая осмонга термулиб қарар экан, бирдан хаёлига келган нарса, бир йил аввалги саргузаштини — ўтган йили ҳам жавобини топа олмаган саволини ёдига солди. Ўтган йили ҳам шу ҳақда узоқ ўйлаган, бироқ, саволига жавоб тополмаган эди: Қуёш қаерда тунайди?

 

ҚУЁШ ИЗИДАН

 

Ўтган йили, сентябрнинг иссиқ кунларидан бири, кун тиккага келган; жилға бўйида ўтирганча, Фая шу ерлик болалар билан баҳслашарди: агар ҳеч қаёққа қайрилмай, тўғри тоғлар бўйлаб юрилса, қуёшга етиш мумкин!

«Қаранглар, — қичқирарди у яқин-яқиндан кўзга ташланиб турган тоғ чўққиси узра ботаётган оловранг қуёш доирасига ишора қилиб, — фақат тоққа етиб борсак ва чўққига тирмашсак кифоя, қуёшни қўлимизга олиб, унинг нурларини силашимиз мумкин!»

Катта ёшдаги болалар қатъиятсиз равишда бош чайқар, кичик болакайларнинг Фаяга нисбатан чуқур ҳурмат ва эҳтироми юзидаги ифодаларда яққол акс этарди. Кичкинтойлар ўртасида «юқори нуфузи» таъминланган Фая, кунларнинг бирида кутилмаган таклиф билдирди: «Мен қуёшнинг ёнига кетяпман, ким мен билан боради?!» Ўртадаги масофани чамалаб, тикка ва тўзонли тоғ йўлига бир-бир қараб олган болакайларнинг дами ичига тушиб кетди. Салобатли қуёш бобо жуда яқинда — қўл узатса, етгулик масофада тургандек туюлар, гўё, яйловдан кўтарила бошлаган тоғдан ўтсалар кифоя эди. Тоғ қуёш нурларидан ёришиб турарди,  болаларнинг кўзига тоғдаги ёлғизоёқ йўллар ҳам кўриниб тургандек кўриниб кетди.

«Йўқ, бу сен ўйлаганчалик яқин жой эмас, — деди мантиқан ўйлаб кўрган қўшни қиз Таня, — қуёш бизга явин бўлиб туюлиши мумкин, аслида эса, у биздан жуда олисда».

Аммо, кўз олдида бобо қуёшнинг олтиндек товланган нурларини силаб турганини, бошқаларнинг унга ҳавас билан қараётганини ва Фая билан бирга бормаганидан афсус чекаётганини кўрарди. Фаянинг орзуларидаги бу манзара шу қадар жонди туюлиб кетдики, у соч ўримларини елкаси оша орқага ташлаб, қатъият билан: «Мен кетяпман! Ким мен билан боради?» — деб сўради. У бу гапларни биринчиликни Таняга бериб қўймаслик учун ҳам айтганди: Таня ундан икки ёшга катта бўлса-да, Фая ўз сўзлари қандайдир аҳамиятга эга эканини исбот қилади!

Ёши каттароқ болалар сукут сақлашди, кичиклари уйларига шошилишди.

«Мен сен билан бораман!» — деди унинг садоқатли дугонаси Гулжаҳон. Ва улар тоққа олиб борадиган йўлга томон равона бўлишди.

Фая, албатта, тоғ йўлига етиб олиш учун аввал узумзордан ўтиш кераклигини, ундан сўнг дарё сиртмоқ ташлаганини, ястаниб ётган яйловдан ўтишсагина тоғ этагига етиб боришларини ҳисобга олмаган эди. Ишқилиб, қизалоқлар ярим соатча йўл юриб қўйишди, аммо, йўл ҳали узумзорларгача ҳам етиб бормаган эди. Баҳайбат қуёш тоғ чўққисига томон яқинлашиб қолганди. Гулжаҳоннинг шашти пасайиб борар, Фая эса ўз ўйларига ғарқ бўлганди.

«Биз ҳали ҳатто узумзорларгача ҳам етиб боролмаган бўлсак, яйловга қай чоғда етмб бораркинмиз-а?!» — ўйларди у. У ҳали ортга қайтишнинг ўзи ҳам қанча вақтларини олишини тасаввур қилолмай, юрагига ваҳимали ўйлар ва кучли хавотир оралаган эди. Унинг хаёлига келган фикрлар бири биридан қўрқинчлироқ, айниқса, ойиларидан гап эшитиш нақадар оғир жазо! Гулжаҳоннинг ойиси ўз қизини ҳам, уни уйдан шунча узоққа олиб кетгани учун Фаяни ҳам қаттиқ койиши турган гап.

Ниҳоят, олдинда бепоён жингалак чирмовуқли пастак узумзорлар қатори кўзга ташланди. Якуни кўринмайдиган узумзорларга боқаркан, Фаянинг руҳи тушиб, юраги бўм-бўш бўлиб қолди. У яланг оёқларига қаради: йўлдаги қайноқ қум таъсирида оёқлари яра-чақа босиб кетган, қўл теккиўиб кўрилса, тери остидаги пуфакчалар сув йиққаннини сезиш мумкин эди. Фая улардан бирига оҳиста қўл теккизиб кўрди, пуфакча ичидаги сув ташқарига чиқишга тайёр турарди.

Кутилмаганда, уларнинг қаршисида малла рангли буқача пайдо бўлди. У йўлнинг ўртасида туриб олган, ва, гўё қизалоқларга тажовузкорлик нигоҳлари билан қараб турарди. Дугоналар турган жойларида тошдек қотишди. Фая атрофга аланглаб, бирор кишини ёрдамга чақирмоқчи бўлди, бироқ, яқин атррфда ҳеч зоғ кўринмасди. Буқача сўлагини оқизганча лабларини ялаб,баланд овозда бўкирганда ва шошилмасдан улар томон юрганда, қизлар қўлларини маҳкам тутиб, оҳисда ортга тисарилишди.

— Яхшиси, уйга қайтақолайлик… — ялинди ҳадик билан нафасини ростлаган Гулжаҳон.

Аммо, Фая, унинг қандайдир буқачадан қўрққани ҳақида эшитган болалар роса масхара қилаётганини тасаввурига сиғдиролмасди. Бу вақтда узумзорлар соясида дам олаётган чўпон уларга ёрдамга етиб келди; у буқача ечилиб кетиб, ўз хоҳишига кўра ўтлаб юрганини пайқамай қолган эди. Чўпон буқачани олиб кетди, қизалоқлар эса хорғин кайфиятда йўл чеккасига ўтирдилар.

— Фая, кетдик уйга! — такрорлади Гулжаҳон.

Фая, тахтига чўккан султондек тоғнинг энг баланд чўққисига қўнган қуёшга бир қараб оларкан:

— Кел, яна озроқ юрайлик, қара, ахир у ёнгинамизда-ку?! — деб жавоб берди.

Аммо, Гулжаҳон узил-кесил бош тортиб, йўлни ортга бурди ва кетиб қолди. Фая уни тушунарди: Гулжаҳон аввалдан ҳуркаккина қиз бўлиб келган; буқача билан юзма-юз келишлари эса, қизни баттар қўрқувга солиб қўйган. Фаянинг ўзи ҳам ҳеч қачон ботирлар сафида бўлмаган, Черкес-оға узумзорларидаги сўнгги саргузашт уни ҳам қўрқувга солганидан, энди бу пушталарга яқин йўлашга ҳам юраги бетламаса керак. Айни чоғда у мана шу ерда, оқшомги сокинлик қучоғида, миттигина, энг яқин дугонаси томонидан ёлғиз ташлаб кетилган ва ёрдамга муҳтож аҳволида, юзлари аламдан бўғриқиб, қизарган ва кўзёшлари сизиб чиққан кўриниши билан узумзорлар атрофида дайдиб юрарди…

 

ОНА

 

Фая уйга қайтиб кирди. Эски тошойна ёнига бориб, ўзининг бир шаклга келтириб бўлмайдиган, доим қайсидир бир кокили ўримдан чиқиб қолаверадиган олтин сочларини яхшилаб таради. Унинг сочларини фақат ойисигина бир текис ва зич қилиб ўриб қўйиши мумкин, аммо, ҳозир Фая ойисини кутиб ўтирадиган таъби йўқ. У ювиниб келди, уй кийимларини кийиб олди ва ошхонадан супурги ва челакни олиб, яна ҳовлига чиқди. Катта ҳовлига яна бир бор назар ташлади, кўпчилик яшайдиган умумий барак типидаги уйларни чамалаб, ўз ҳовлисининг тахминий чегараларини хаёлида белгилаб олди. Белгилаб олинган жойга — қуруқ ерга сув сепиб бўлгач, супургини қўлига олди. Супурги катта ва оғир бўлишига қарамай, Фая уни осонгина ишлата оларди.

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (7 оценок, среднее: 5,00 из 5)
Загрузка...