Aliya Temuriyzoda

С детства интересуюсь литературой и начала писать стихи. Мои стихи и рассказы публикуются в различных газетах и журналах страны и за рубежом под псевдонимом Алия (а также Алия Темурийзода). В 2015-году были опубликованы две мои книги под названиями «Oq qushlar qo’shig’i» («Лебединая песня») и «Osmon bir dunyo» («Возвышенный мир»). Я стала победительницей Республиканского фестиваля «Yuksak ma’naviyatli avlod — 2015» («Высокодуховное поколение — 2015») и Республиканского конкурса одаренной молодежи «Yurt kelajagi — 2015» («Будущее страны — 2015») по номинации «Литературное произведение» по направлению «Проза». И еще была награждена в конкурсе «Yilning eng faol ma’naviyat targ’ibotchisi — 2015» («Самый активный пропагандист духовности года — 2015») по номинации «Самая юная пропагандистка года». Работаю руководительницей группы пропагандистов в отдел Пропаганды Духовности Сурхандарьинской области Денауского района.


Повесть «Mujohidlar»

отрывок

IX. Чироқ кўтарган одам

Деворлари заррин нақшли гулқоғозлар билан безалган, девор бўйлаб ялтироқ курсилар қўйилган, юқори қисмига «Т» шаклида иш столи ўрнатилиб, ўзига мос рангдаги оромкурсилар уч томонидан жойлаштириб чиқилган кенг ва ёруғ хонада биргина одам ўй суриб ўтирарди.
Элликларга бориб қолган бу одам оромкурсига ўтирган ҳолида ҳам тик турган ўсмир йигитдек бўйи бор, ёйилиб ўтирмаган эса-да, ўриндиқнинг икки қўл суянчиғи эркакнинг гавдасини кўтаролмай, босилиб қолганга ўхшар, сал қимирлаганда ҳам ғийчиллаб-ғирчиллаб нола қилиб қўярди.
Бошини тирсаклари қучоғига олганча иш столига суяб ўтирган бу одам эшикнинг тақиллаган овозини эшитиб, бошини кўтарди: шу он девсифат гавдага мос юз ифодаси кўзга ташланди — қошлар икки қаватлаб экилган-у, «ҳосил» йиғиб олинмаган; сутга тўла шокосадек кўзлар ичида қоп-қора гавҳарлари асабий чайқалади; гўштдор чўққи бурун остида бирор сура қироатига шайланган кўйи қалин лаб ўртасида ғира-шира оқ тишлар кўзга ташланади. У одам ўта бўйдор бўлгани ҳолда, тарвақайлаб кетган деб ҳам бўлмайди; вазнини гавдага хос сақлаб келаётгани ияги остида бақбақа деб аталмиш кўринишнинг меъёрдан хийла тортиқроқ эканидан билинади.
— Киринг, — деди у рус тилида, бироз тартибли кўринишга келиб олгач.
Эшик очилиб, юз-кўзи ҳозиргина шаробхонадан чиққандек пушти-қизил, сочларидан қошларига қадар сап-сариқ, юмалоқ бурнининг учи юқорига кўтариб қўйилган-у, пластилиндек силлиқлаб қўйилганга ўхшайдиган, фақат лабларигина қиз боланики сингари ингичка ва тиниқ қизғиш рангли, спортив қоматли, узун бўйли йигит кириб келди.
— Нима гап, Стас? — деди яна йигитни кўриши билан. Бироқ, йигит ичкарига юришга шошилмади. Изида яна бир ожиза ҳамроҳи бор бўлиб, келишга иккиланиб тургани рўмолининг бир чети билан юзини тўсиб туриб қолганидан маълум эди.
— Излаган одамингизни топдим, тоға…
Суҳбат рус тилида борарди.
«Тоға» аёлга ичкарига киришни буюрди, йигитга руҳсат бериб юборди.
— Келинг, синглим, тортинманг, — энди ўзбек тилида чиройли лутф билан ичкарига таклиф қилди эркак эшик олдида тортиниб турган аёлга боқиб.
Аёл ўрта бўйли, эгнига гулдор қавиқ тўн кийган, бошида оч яшил рангли эски катта рўмол бўлиб, унинг бир четини юзига тортгани боис, юз кўриниши эркакка аён эмас эди.
У ичкарироқ юриб, эркакка яқинроқ келди, хастаҳол овоз билан салом берди:
— Ассалому алайкум…
Эркак ўтирган ўрнидан туриб кетадигандек ҳаяжон ва ҳайратга тушди: гўдакнинг овози-ку бу?!
— Ёшинг нечада сенинг?!
— Йигирма бирда… — янаям қўрқув билан жавоб берди у. — Лекин…
— Жим! Бу гапинг шу ерда қолсин! Қандай жон сақлаб келяпсан сен қиз?! Қашқирлар ичида юрган уй мушуги боласи! Яхшиям сени топдим, акс ҳолда, ҳолинг хароб бўларди!
Бошингдан ўтган кунлардан хабарим бор. Ит десанг, ит ҳам еган уйини қўриқлайди. Энди сен қўрқма, мен ўзим сенга ёрдам бераман, аканг менинг дўстим бўлади. Лекин биласан, замон нозик, у билан учраштиришнинг ҳозир имкони йўқ. Сен мана бу паспортни ол, Юлдуз Шерова бўлиб менинг уйимда яшайсан. Бир ўзимман, уйни тартибга келтириб, иссиқ-совуғимдан хабардор бўлиб турадиган одам керак…
Аёл унинг гапларини индамай эшитди, акаси ҳақида билган жойида бир қалқиб ҳам олгандек бўлди. Кейин, бироз ўйга чўмиб қолди: у олти йилдан буён саргардонликда юриб, нима кунларни кўрмади, уйидан жой берганлар, пул илинжида уни «халқ душманининг қочқинда юрган қизи» эканини чақиб берган кунлари-да бўлди, икки марта КГБ дагилар қўлига тушишига оз қолди. Шу боис, эҳтиёткорлик этагидан тутиш зарар қилмайди, деган тўхтам гакелди.
— Менинг акам йўқ, амаки…
— Қўрқувингни англаб турибман, қизча. Мен сенга холис ёрдам қўлини чўзяпман. Сени таниган ҳолда, тутиб бермаётганим холислигимга исбот эмасми?
Ожиза яна хаёлга толди. Нима қилсин, ҳозиргина кўриб турган одамига ишонсинми ёки қочиб кетсамикин?.. Ахир нақ Сирдарёнинг этагидан топтириб келган бу одам уни яна топиб олмаслигига ким кафолат беради? Ёнида бир ишонадиган одами ҳам йўқ…
Эркак унинг ўй-хаёлларини қўлдаги китобда ўқиб тургандек, кутилмаган савол берди:
— Турмуш қилганинг, кўнгил берганинг борми?
Бу одам унинг устидан кулмоқчи бўляптими?! Соянгга ҳам ишониб бўлмайдиган замонда бировга кўнгил бериб бўларканми? Турмуш қилса, шундай саргардон юрган бўлармиди?!
Номини, шаънини асраш учун озмунча ҳаракат қилдими ахир?!
— Турмуш қилмагансан, лекин фақат ҳужжатда. Мен шуни биламан фақат, — сўзини тўғирлади эркак.
— Соядан қочиб юрган замонда одамга одамдек қараш хаёлимга келгани йўқ, — бироз дадилланди ожиза ҳам.
— Унда яхши. Ҳозир меникига жўнаймиз. Бошқа ҳеч нимадан хавотир олма. Энди сени биров безовта қилолмайди.
Ожиза оғиз очиб, эътироз билдиришга важ топмади. Тақдирини Аллоҳга топшириб, унинг изидан эргашди.
Ташқарига чиқиб, эркакнинг автоуловига ўтирдилар, мўйлов-соқол қўйган ўттиз ёшлардаги ҳайдовчи йигит машинани юрғизди. Узун-қисқа, паст-баланд кўчалардан юриб, баланд деворлар билан ўралган, ёғоч дарвозали уй ёнида тўхташди. Ҳашаматни кўрган ожизанинг кўзлари ҳайронланди. Тушдилар.
Эшикни очган эркак ожизага йўл бўшатди.
— Кир.
Кенг дарвозахона янада кенгроқ ҳовлига уланиб кетган, ҳовли ўртасидан бир қисм ажратилиб, дарахт ва гуллар экилган, ҳовли атрофи билан икки қаватли иморат — истиқомат хоналари билан ёпилган. Ортда қолган ҳайдовчи дарвозани ўзи очиб, машинани ичкарига киритди ва ўзи қаёққадир кетди.
Ожиза уй эгаси билан уйда ёлғиз эмасди. Эркак ҳовлидан тўғри юриб борганда, рўпарадаги эшикни очди — уни кутиб ўтирган ёши катта бир кишининг савлати кўзга ташланди.
Ичкарида яна бир неча киши бор эди.
— Бизнинг бу юриш-туришимизни кўриб, одамлар гап-сўзга боришмасин, Худонинг олдида
ҳам пок кўнгил бўлиб яшаш керак. Ёлғиз қолган аёл ва эркак ўртасида шайтон фитна тузар экан, дейдилар…
Ожиза эркакнинг гаплари мағзини чақди. Худодан қўрқяптими, демак, имонидан айирмаган кўринади. Кўнишдан бўлак йўли йўқдек туюлди ожизага:
— Хўп…
Ичкарига кирдилар.
Даҳлизнинг ўзига чордана қурган уч-тўрт кексалар, юзи бекик иккита аёл ва тўрда қўлида тасбеҳ ўгирган соқол-мурт қўйган одам уларни хийла фурсат кутиб қолганлари кўринарди, атрофга олазарак боқардилар.
— Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, — деди тасбеҳ тутиб ўтирган одам. — Келган-кетганимизни биров кўриб қолмасин, дейман-да…
Эркак тасбеҳли кишининг ўнг томонидаги, ожиза чап томонидаги сафнинг сўнгига кириб ўтирдилар.
— Ожизанинг исм-шарифи айтилсин, — деди тасбеҳли киши.
— Байрамхон Раҳмонберди қизи, — деди ожиза ёш боланикидек овоз билан, бироқ, «куёв»нинг исм-шарифини эшитгач, жойида тахтадек қотиб қолди: у ғайримиллат экан!
— Константин Рустам ўғли, — жавоб берди эркак тасбеҳли кишининг имосига биноан.
Бу одам унинг назарида, қўлида чироқ тутиб, Байрамхоннинг ҳаётига кириб келган, бироқ, бу аланга билан унинг дунёсини ёритадими ёки ўт қўядими — буни Ўзидан бўлак ҳеч ким биларлик эмас. Тасбеҳли киши никоҳ ўқий бошлади. Ожиза ортга йўлни йўқотиб бўлган эди…

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (135 оценок, среднее: 3,19 из 5)

Загрузка...