Дилфуза Собирова

Живу в Ташкенте, работаю главным редактором популярного еженедельника. С детства пишу стихи, рассказы.  Уже издано 7 книг с моими произведениями. Их темой часто становится обычная жизнь узбекских женщин, их проблемы, мечты.  По мотивам моих рассказов были сняты фильмы.

Рассказ «Бир кеча — минг кеча»

Cинопсис

Иш юзасидан вилоятга борган аёл у ерда бир пайтлар бирга ўқиган курсдош дугонасини учратиб қолади. Дугонаси қўярда қўймай уни уйига олиб кетади. Дугонасининг уйидаги аҳвол, унинг эри билан муносабати, фарзандларининг сояда қолган ниҳолдек нимжон бўлиб ўсаётгани, бу оиланинг рўзғор тутуми ва фарзандлар тарбиясига ёндашувини кўриб аёл ҳайрон бўлади. Б уоилада бола Оллоҳ берган неъмат деб қадрланиш ўрнига пул топиш, иш қилиш машинасига айлантирилганидан даҳшатга тушади. Энг ёмони бу оила шу турмуш тарзини нормал деб қабул қилади…

Бир кеча — минг кеча

Иш юзасидан икки кунга О. шаҳрига хизмат сафарига жўнатишди. У ерда бир кунда ишимни битириб, пойтахтга қайтиш учун вокзалга йўл олдим. Одам гавжум вокзалда чипта олиш учун бир-бирига гал бермай гапираётган икки аёлдан кейин навбатда турдим. Хаёл билан бинога кўз югуртираётганимда олдиндаги аёллардан бири гапдан тўхтаб менга қаради. Бегона кишининг қаттиқ тикилаётганини кўз қирим билан сезсам-да, эътибор бермасликка ҳаракат қилиб вокзални кўздан кечиришда давом этдим.
— Кечирасиз… — менга ошкора тикилаётган аёл сумка тутиб турган билагимга бир туртди.  Туртиб гапирган одамни ёқтирмаганим учун истар-истамай унга ўгирилдим. Юзини қора тўр, кўзининг атрофини ўрдакпанжа ажин қоплаган, оғзида тилла тишлари ялтираб турган аёл менга қараб, “Ҳой, дугон, ўзингмиса-а- ан?” деди чўзиб. Уни қаердадир кўргандек бўлдим-у, лекин сира эслай олмадим.
— Э-э, мен Зебоман, танимадингми? — ўзига ярашмаган қувноқлик билан деди аёл. — Курсдошингман-ку!
— Ие, Зебо?! — энди ҳайратланиш навбати менга ўтди.

Курсдошим билан қучоқлашиб кўришдик. Унинг О.шаҳри атрофидаги қишлоқларнинг биридан эканлиги ҳам ёдимга тушди.
— Нима қилиб юрибсан биз томонларда? — сўради Зебо яна мушти билан туртиб.
— Хизмат сафари билан келгандим, энди қайтмоқчиман…
— Бизникига кирмасдан кетмоқчимидинг? Бекорингни айтибсан-да! Ҳали чипта олмадингми? Эрталабки поездга оласан!
Зебо мени қўярда-қўймай уйида бир кеча қолишга кўндирди.
— Вокзалнинг нарёғида ишлайман, ишдан қайтаётиб бир танишимни учратиб қолувдим. Яхшиям, у билан гаплашиб қолибман, бўлмаса сени қаердан ҳам учратардим?.. Ҳозир бизникига борамиз…
Хуллас, ўн саккиз йилдан буён кўрмаган курсдошимнинг гапини ерда қолдира олмай уникида бир кеча меҳмон бўлишга кўндим. Бир кеча минг кеча бўлмас.
Чипта олгач, таксига ўтириб Зебонинг уйига йўл олдик.
— Би-и- р талабаликни эслаб, гаплашиб ётамиз, — кулди Зебо.
Беш қаватли уйларга яқинлашанимиз сайин қилган ишимдан пушаймон бўла бошладим.
— Жуда ноқулай бўладиган бўлди-да, Зебо. Эринг, болаларинг мени деб беҳаловат бўлишади…
— Э-э, эрим индамайди!
Учинчи қаватдаги уч хонали уйда бизни ўн олти ёшлардаги озғингина қиз билан уч ёшлардаги болакай кутиб олди.
— Бу қизим Мағпират, буниси кенжам Зойир, — деди Зебо.
Дугонамнинг қизи менга салом берди-ю, индамай ерга қараб тураверди. Кичкинаси онасининг қучоғига отилмади ҳам. Болакай опасининг этагини қўйиб юбормай ошхонага эргашди.
Мени меҳмонхонага киритган дугонам ошхонага шошилди.
Бироздан кейин у ердан ғўнғилалган овозлар эшитила бошлади: “Ергина ютсин, жувонмарг бўлгур… Сенга нима дегандим? Овозинг чиқмасин, итвачча…” ортидан боланинг бўғиқ йиғлагани эшитилди.
Игнанинг устида ўтиргандек безовталана бошладим. Бу орада дугонам кула-кула гапирганча дастурхон ёзиб, қанд-қурс қўйиб кетди.
Кўп ўтмай, Зебонинг эри ишдан қайтди. Остонада эр-хотин алланарсалар деб ғижиллашиб олишди. Келганимга яна пушаймон бўла бошладим. Озғин, пешанасидаги кокилини бир тутам қилиб бирлаштириб олган, учбурчак юзига ярашмаган думалоқ шаклдаги кўзойнаги бурнига қўндирилган эркак хонага кириб мен билан саломлашгач, рўпарамга ўтирди.
— Ҳа-а, яхшимисиз, меҳмон? — сўрашди у. — Қани, дастурхонга қараб ўтиринг.
Зебо ҳам шошиб келиб, эрининг ёнига чўккалади.
— Дадаси, бу курсдош дугонам бўлади. Сизга доим айтаман-ку, бир дугонам Тошканда, Малака ошириш институтида ишлайди, катта одам бўп кетган деб, ўша шу-да… — дугонам бир тирсагини чордона қуриб ўтирган эрининг тиззасига тираганча бир қўли билан дастурхондаги ерёнғоқдан ея бошлади.
— Йўғ-ей, унчалик катта иш эмас, — дедим мен хижолат бўлиб.
— Яхши, яхши. Институт бўлса, яхши. Бизни болаларни ҳам қўллаб юборасиз-да энди, меҳмон…
— У талабалар ўқийдиган институт эмас… — изоҳ беришга шошилдим.
Мени ёрдам беришдан қочаяпти деб ўйлади, шекилли, мезбон жеркиброқ гапимни бўлди:
— Майли-да, ким ўқийдиган бўлсаям. Ҳа-а, хўжайин қаерда ишлайди?
— Участкавой…
— Ух, жа-а, зўр жойлашиб олибсизлар-ку- а?! Яхши, яхши… Сўраб қўйган яхши-да, одамнинг иш-пиши тушиши бор. Керак бўлганда ёрдам берворасизлар, ҳарҳолда беш-бегона эмасмиз…
Дастурхонга қаранг-чи, меҳмон. — эр-хотин мендан кўз узмай ерёнғоқ ея бошлашди.
Беш дақиқа ичида қайнотам, қайноғаларим, ака-укаларим қаерда ишлашини суриштириб, ўзига фойдаси тегиши мумкинлигини миясида чамалаб чиққач, кўнгли жойига тушди шекилли, мезбон хотинига овқат сузишни буюрди.
Дастурхонга овқат тортилгач, шу пайтгача хонага қадам босмаган болалар секин кириб хонтахтанинг бир бурчагидан жой олишди.
— Ие, ота ўғил! Сиз билан ўйнамапмиз-ку бугун. Қани, келинг-чи, келинг.
Болакай истамайгина дадасининг ёнига борди.
Ота боласини эзғилаб, соқолини унинг юзига ишқаб бирпас “эркалатгунча” ҳеч ким таомга қўл чўзмади.
— Холаси, бу боксчи бўлади, қани қандай бокс тушасан, бир кўрсат, ота ўғил.
Болакай ғинший бошлади. Дугонам ҳам қиқирлаб “Қани, ўғилтой, бир кўрсатинг, кўрасата қолинг энди” деб эрининг гапини қувватлади.
Бокс тушишни истамаган болани дадаси оёқлари билан исканжага олиб тиззасига ўтқизди-да, қўлчаларини мушт қилиб тугиб, юзига ура бошлади. Ўзини-ўзи дадасининг қўли билан муштлаётган бола бошини ҳар томонга ташлаб йиғлагани сайин ота-она завқланиб кулар, бола эса баттар йиғларди.
— Ие, ўғил бола ҳам йиғлайдими? — жаҳли чиқди отанинг. — Ўғил бола йиғласа, нима қиладилар…
У боланинг икки қўлидан тутиб бошига кафтчалари билан шапиллатиб урдира бошлади.
Менинг ғашим келгани сайин эр-хотин авж олиб хохолаб кулишарди. Агар эшик тақиллаб қолмаса, билмадим, томоша қанча давом этарди?
Хонага ўн беш ёшлардаги ўғил бола кириб келгач, боксчи дадасининг исканжасидан қутилди.
— Ассалому алайкум, — деди ўсмир йигитча кўчадан кириб тўғри хонатахтанинг тўрига жойлашаркан.
Эр-хотин бир зум мени унутиб бола билан гаплашиб кетишди.
— Ҳа, нима бўлди? Сотдингми? — бетоқатланиб сўради уй эгаси.
— Сотдим! — дастурхонга кўзи аланг-жаланг бўлган ўспирин кафтларини бир-бирига ишқалаб бетоқатлана бошлади.
— Сапира момоникини ҳам сотдингми? — гапга аралашди дугонам.
— Униям сотдим, темирчи бобоникиниям сотвордим. Битта сандиқфурушники қолди.
— Э, яша! — Дугонамнинг эри тиззасига шапиллатиб уриб олди. — Бўладиган бола… маълумда ўзи. Энди тез овқатингни еб-ютгинда нариги маҳаллагаям бориб кел. Ёки… аввал сотиб, кейин ейсанми а?
— Шундай қила қолсин… — эрини қувватлади дугонам.
Ўсмир йигитча яна кўчага қувилишини сезиб, қўлидаги нонни икки буклаб оғзига тиқди. Опаси унга ҳам овқат сузгани ўрнидан турди.
— Кейин ейсан, овқат қочиб кетмайди, бор тезгина сандиқфурушникини биров олиб қўймасдан “зайнит” қилиб қўйгин. Тур, югур…
Жойлашган ўрнидан сакраб турган йигитча бир бўлак нонни чўнтагига уриб, эшикка йўналди.
— Менга қара, ўзинг танимаган одамларникига ҳам кириб чиқавер, ҳаммадан “Уйингизда хурмо борми? Ўзимиз териб, кўтара нархда оламиз”, деб сўрайвер. Кетишингда “Бошқа сотиладиган нарсалар ҳам борми, эски-тускиларни ҳам сотиб олаверамиз” дегин, — тайинлади. — Пул топишни уяти йўқ, ҳа, борақол энди.
— Борақол, кеч бўлди деб югуриб уйга кирволмагин, бошқа маҳалларга ҳам бор, — ақл ўргатишда давом этди онаси.
Ўсмир йигитча дастурхондаги узумдан бир бош олиб кўчага югурди.
— Ҳа, нафсингдан осилгур, — койиб қолди онаси орқасидан. Йигитча эса ҳиринглаб кулганча “пул топгани” югуриб кетди.
Йигитча кетгач, уйда меҳмон борлиги мезбонларнинг эсига тушди шекилли, иккаласи ҳам менга ўгирилишди:
— Қани, овқатга қаранглар, совиб қолгандир.
Иштаҳам йўқолганидан маставага қошиқни солиб бир-икки айлантирдим. Ҳамманинг боши косага эгилгани сабаб хонада фақат қошиқнинг шақиллагани эшитиларди. Уч ёшлардаги болакай ўзининг муштидан қизарган юзини ишқаб-ишқаб қўйганча овқатини шўриллатиб ичар. Дугонам ва эри худди бир жойга кечикаётгандек шошиб-пишиб овқатланишарди. Фақат сояга ўхшаган қизининг овози эшитилмасди.
Биринчи бўлиб овқатланиб, ортидан кекириб олган уй эгаси худди ҳукмфармолардек оила аъзоларига беписанд назар ташлади ва:
— Ўзларинг ҳам ўлгудек очқолибсизлар-да, каллаларингни охурдан кўтара олмай қолдинглар, — деди ишшайи Кейин ўзининг ҳазили ўзига нашъа қилиб хохолаб кулди.
Бироздан сўнг опасининг этагига осилиб ошхонага йўл олган кичик ўғлини оёғидан ушлаб олиб судрай бошлади.
Болакай ҳар қимирлаганда опасининг қўлидаги косалардан овқат юқи сачрар, ота эса “Ўғилтой менга бокс кўрсатинг” деб қийқирар, дугонам эса қиқирлаб куларди… Болакайни опасининг этагидан ажратиб олиб, “Сен бор идишларингни ювавер” деб қизига жавоб бериб юборгач, менга юзланди:
— Худо хоҳласа, болаларни ўқитамиз, — деди оғзидан чиққан гапи ҳозирнинг ўзидаёқ амалга ошгандек гердайиб. — Кўраяпсиз, ўғиллар бўладиган, биттаси пул топишнинг минг хил йўлини билади, иккинчиси боксчи бўлмоқчи… Тарбия зўр-да, тарбия зўр!
Боласини биғиллатиб бокс қилдираётган ота, унинг қилиғига қотиб-қотиб кулаётган она, бир қўлида нон, бирида узум билан ҳовлима-ҳовли юрган ўспирин, бу уйда фақат сояси яшайдиган қиз…
Туни билан алоқ-чалоқ тушлар кўриб ухлолмай чиқдим, тонг отар-отмас “Поездга кеч қоламан”, деб хайрлашиб кўчага чиқдиму тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим…

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (2 оценок, среднее: 3,00 из 5)

Загрузка...