Бахтиёр Абдуғафур

Научный сотрудник института генетики и экспериментальной биологии растений, АН РУз. Занимаюсь проблемами микробиологии и нанобиотехнологии.


Отрывок из произведения «Оламлар кураши: Маликанинг машъум битиги»

Асар қаҳрамони Рустамжон жинлар устози мударрис Абдул Ҳаким ҳамроҳлигида сафарга чиқади. Саёҳати давомида одамларнинг сўнгги таянчи – ҳоқон Нури Тегин салтанати, инсонлар шиддатидан ер остига кириб кетган “Ер ости девчалари салтанати” ва инсоният душмани – малика Нуния салтанатига ташриф буюради. Эътибор берилса – ҳар уччала салтанат – ўзига хос рамзийлик. Ана шу салтанатларни кўрсатиш одамлар дунёсига ташриф буюрган мударрис Абдул Ҳакимнинг муддаоси. Асар бошида Рустамларникига келган мударрис унга:

-Ўзингиз яшаётган дунёга четдан назар ташлашни истайсизми? – дейди.

Рустамни сафар эмас, одамлар кўрмаган дунё, унинг ғаройибу ажойиб нарсалари олдида суратга тушиб, уларни ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиш иштиёқи ҳаловатини ўғирлайди. Ўйлаб ҳам ўтирмай сафарга рози бўлади. Улар аввал Рустамлар яшайдиган кўча адоғидаги одамнинг назари тушавермайдиган эшикдан кириб, мударриснинг оламига қадам қўйишади. Ўрта асрлар мадрасаларини ёдга солувчи мадрасада мударрис Абдул Ҳаким Рустамни ҳужрасига таклиф этади. Худди шу ердан уларнинг ҳоқон Нури Тегин салтанатига сафари бошланади. “Қуёш уфқ ортида йўқолишига тахминан ярим соатлар қолганида узоқдан қорайиб турган шаҳар деворлари, миноралар бўй берди. Яна ғалати нарса – шаҳар томон осмони негадир тим қора тортган, худди булутлар остида қолгандек… Оломоннинг энг охирида турган Рустамнинг ақли бошидан учаёзди. Қўрқув билан у шаҳарнинг баланд, кунгирадор деворларини, уларнинг устидаги қуролланган соқчиларни кўздан кечириб олди. Шаҳар узра эса қора булут туриб олган, қора қузғунлар қанотларини кенг ёзганларича айланардилар…”

“Ғам ва андуҳлар шаҳри”да Рустам ҳоқон хизматидаги дев Абдул Карим билан танишади. Ҳоқоннинг фарзандлари – ака-ука шаҳзодалар Булан ва Самандарнинг қисматидан воқиф бўлади. Катта шаҳзода ёвуз ниятли малика Нуниянинг асири, унинг қалби ўғирланган. Кичик шаҳзода эса ўз ҳобгоҳига қамалган. Уни қандай дард безовта қилаётгани салтанатнинг машҳур табибларидан ҳам маҳфий.

Ҳоқон салтанатига табибнинг (мударрис Абдул Ҳаким табиб қиёфасига кирган) шогирди бўлиб ташриф буюрган Рустам тунларнинг бирида мударриснинг кўринмас мавжудотлар билан суҳбатига тасодифан гувоҳ бўлиб қолади. Ғалати савол-жавоб бўлиб ўтади. Мударрис:

-Бундай қалбли одам бизнинг ёрдамимизга муҳтож, -дейди мударрис. – Унинг оппоқ саҳифадек тоза ва беғубор қалбига ҳар ҳил разил юракларнинг ижод қилишларига йўл қўя олмайман.

Уларнинг ким эканлигини Рустам билмайди ва бу ҳақда эртаси куни мударриснинг ўзидан сўрайди. У эса жилмайиб:

-Вақти келганда уларни ўзингиз ҳам кўра оласиз, — дейди.

Мударриснинг ҳузурига келган ўша сирли суҳбатдошларни Рустам бу сафар ўз кўзлари билан кўради. Улар майин ёғду таратаётган… фаришталар бўлади. Улардан бири мударрисга дейди:

-Эсингизда бўлса, илк суҳбатимизда сиз унинг ёзган саҳифасини кўрсатган эдингиз. Энди эса биз сизга унинг саҳифасидан мана бу кўчирмани ўқиб бeрамиз. Бир қулоқ тутинг-а! “Мeн ҳам сўзларга тўлиб, ёзишга дeярли жой қолмаган ўша саҳифага бир амаллаб “яxшилик” дeя ёзишга муваффақ бўлдим. Истардимки, бизда ҳам, одамлар шундай саҳифаларга шундай эзгу ниятларни битсалар, шундай ниятлардан саҳифалар тўлса ва бўш жой қолмаса, одамлар бўш қидирсалар, қидиравeрсалар…”

Асар сўнгида Рустам руҳий дунёсидаги эзгуликнинг устун келиши ана шу икки саҳнанинг ўзига ҳос муқоясаси ва мударриснинг айтган сўзлари билан изоҳланади:

-Инсон бу дунёга келар экан у ҳамма нарсани кўра олади. Вақт ўтиб, одам ўзгаради ва унинг ўша кўрар “кўзи”га парда тортилади. Сабаби, одамнинг қалби хира тортиб боради. Вақти келиб, дўстим, бу тунда кўрган нарсаларни сиз ҳам кўра оласиз. Бунга ишончим комил…

“Шоирлар боғи”даги устунга ёпиштирилган оппоқ саҳифага салтанат фуқаролари эзгу ўй ва ниятларини битган. Мударрис ҳоқонга айтганидек: “Салтанатга таҳдид солаётган маликанинг ёввойи қудратини куч билан эмас, балки фуқароларингизнинг эзгу ниятлари билан енгиш мумкин!” Устундаги саҳифа фақат яхши ният ва эзгу сўзлар билан тўлиб-тошади. Рустам ҳам ўша саҳифадан ўзига зўрға жой топади ва бир амаллаб “яхшилик” деган сўзни ёзади. Эртанги кундан умиди қолмаган салтанат ана шундан сўнг маликанинг зуғумидан халос бўлади.

Катта ва кичик девлар аввал одамлар билан тинч-тотув қўшничиликда яшашган. Уларнинг салтанатига одамлар дахл қилишмаган. Лекин, кунларнинг бирида, ўша вақтда салтанат тахтига эндигина ўтирган ҳоқон Нури Тегин девлар салтанатига юриш бошлайди. Қудрати ҳадди аълосига етган одамларнинг зарби ва шиддатидан катта девлар (Абдулкаримнинг қавми) Ер юзида тарқалиб кетади. Ер қазишга ниҳоятда уста бўлган кичик девлар (Буломонлар) қавми эса Ер остига кириб кетиб, “Ер ости девчалари” салтанатига асос солишади ва одамларнинг назаридан ҳоли яшашади. Лекин воқеаларнинг ривожи шундай ривожланадики, аллақаердан пайдо бўлган малика Нуниянинг жамъи тирикликка таҳдиди ортгач, бир вақтлар дунёни сўраган, энди эса кучдан қолган ҳоқон катта девлардан мадад сўрайди. Унинг катта ўғлини қутқаришга эса, Рустам ва кичик шаҳзода Самандар билан бирга икки дев – Абдулкарим ҳамда Буломон малика салтанатига йўл олишади. Улар сафарга йўльолган оқшомда эса мударрис Ойга қараб:

-Ишларнинг охири ҳайрлидир! – дейди.

Ёвузликлар онаси – маликанинг Қизил китоби. Китоб малика айғоқчилари ёрдамида ҳали ҳам енгилмай турган, аммо сўнги кунларини бошидан ўтказаётган одамлар салтанатига келтирилади. Бу қора кучлар учун дастури амал. Бундан ташқари, нафақат одамлар, балки бошқа тирик жонлар устидан ўқилган маликанинг ҳукмидир. Унда Буломон ўзининг қиёфасидан ажралишини рамсларда кўради. Мавжудотларни на одам, на ҳайвонга ўхшаш маҳлуқларга айлантириш маликанинг муддаоси. Қизил Китоб аввал Рустамнинг, сўнг эса Буломон орқали Ер ости девчалари салтанати раислари – ҳукмдорлари қўлига тушади. Шунда дунёда барча тирик жонлар – одамлар, девлар нафақат қиёфаларидан ажралиш, балки тирик қолиш учун бирлашадилар. Бу ҳақда Рустам ўз блогларидан бирига ёзади:

Турли биологик мавжудотлар бир мақсад йўлида тўпланиб, энди нафақат тирик қолиш, балки аслимизни ҳам сақлаш учун кураш бошламоқдамиз. Маликанинг олимлари одамларни қиёфаларидан ажратишмоқчи экан. Биологияда одамни Homo sapiens деб номлашларини биламиз. Аммо, жаноб Нурбеги ва унинг ўғли Кўкламшоҳни, “тоғликлар”ни, малика Нуниянинг қўшинидаги аскарларни қандай номлашади? Улар қандай номга лойиқ? Ўлик ўрмондаги пушти куйган дов-дарахтлару гиёҳларга ном топиш мумкинми? Номи йўқ нарсанинг ўзи ҳам йўқ эмасми!?

Рустам кичик шаҳзода ва девлар ёрдамида қалби малика томонидан ўғирланган Буланни қутқаради. Маликанинг ёвузлиги яширинган муҳри синдирилади. Қизил Китоб ёқиб юборилади.

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (15 оценок, среднее: 1,67 из 5)

Загрузка...